Logo

Telegram наркодўкон орқали гиёҳвандлик воситаларини сотганлар қўлга олинди

Бугун 15:261 дақиқа

Тошкентда икки шахс «закладка» орқали гиёҳвандлик воситалари тарқатгани аниқланди. Улар наркодўконлар орқали ойига 10 кгга яқин турли хилдаги гиёҳвандлик воситаларини тарқатиб келишган.

Telegram наркодўкон орқали гиёҳвандлик воситаларини сотганлар қўлга олинди © Videodan kadr

3-август куни Тошкент шаҳри Яккасарой туманида 1993 ва 1992 йилларда туғилган икки шахс гиёҳвандлик воситаларини «закладка» усулида тарқатаётган вақтда қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, қўлга олинган шахслардан бири аввал Жиноят кодексининг 228-моддаси 1 ва 2-қисмлари ҳамда 168-моддаси билан судланган.

Тезкор тадбирлар давомида уларга тегишли «Нексия 3» автомашинасини текширилганда, 20 грамм гашиш ёғи аниқланиб, далилий ашё сифатида олинган

ИИВ маълумотига кўра, гумондорлар 2025 йилдан бери «Телеграм» платформасидаги наркодўконда омборчи бўлиб ишлаган. Улар ҳар ой қарийб 10 килограмм турли гиёҳвандлик воситаларини тарқатиб келган.

Шунингдек, гумондорларнинг яшаган манзили кўздан кечирилганда, уйдан 2 килограмм гашиш ёғи, марихуана ва гашиш, шунингдек изолента ҳамда наркотикларни қадоқлаш ва тарқатишда ишлатилган бошқа ашёлар аниқланган.

Қайд этилишича, тадбирлар давомида 10 700 дозага тенг бўлган жами 2 кг 170 гр гиёҳвандлик воситалари истеъмолдан олиб қўйилган.

Жиноят иши қўзғатилди

Ҳолат юзасидан ушланган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Шу билан бирга, ИИВ фуқароларни шубҳали фаолият ёки шахслар ҳақида маълумот бўлса, «Stopnarko_bot» Telegram боти ёки ишонч телефонлари орқали хабар беришга чақирди.

Теглар

Мавзуга оид

Telegram наркодўкон орқали гиёҳвандлик воситаларини сотганлар қўлга олинди | Vaqt.uz