Logo

Тожикистон 73,5 миллион долларлик пахта толасини экспорт қилди

Эрон асосий харидор бўлди. 1,1 фоизини Ўзбекистон сотиб олди.

Тожикистон 73,5 миллион долларлик пахта толасини экспорт қилди © Javhar Chorshanbiyeva

2026-йилнинг дастлабки олти ойида Тожикистон 73,5 миллион долларлик пахта толасини экспорт қилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18,9 миллион долларга кўп. Бу ҳақда Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Экспорт агентлиги директори Баҳриддин Сирожиддинзода маълум қилди.

Эрон Тожикистон пахта толаси учун асосий бозорга айланди ва етказиб беришнинг 61,8 фоизини ташкил этди. Экспорт қилинган толанинг 25,5 фоизи Туркия, 8 фоизи Хитой, 3 фоизи Россия, 1,1 фоизи Ўзбекистон, 0,4 фоизи Латвия ва 0,2 фоизи Бирлашган Араб Амирликлари ҳиссасига тўғри келди.

Сирожиддинзода Экспорт агентлигининг пахта бозоридаги фаолияти ҳақида алоҳида тўхталди.

«Жорий йилнинг биринчи ярмида агентлик ўз ресурсларидан фойдаланган ҳолда ва давлат бюджети маблағларини жалб қилмасдан, 392,6 миллион сомоний (42,5 миллион доллар) қийматидаги 26,3 минг тонна пахта толасини сотиб олди ва экспорт қилди», — деди у.

Пахта етиштириш учун имтиёзли молиялаштириш

Агентлик директорининг сўзларига кўра, пахта етиштириш ва қайта ишлаш саноатини қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли молиялаштиришни жалб қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

«Ҳисобот даврида Экспорт агентлиги пахтачилик саноати ва пахтани саноат йўли билан қайта ишлашни рағбатлантириш учун имтиёзли молиялаштириш бўйича зарур чораларни кўрди», — деди Сирожиддинзода.

Унинг хабар беришича, агентлик Ислом тараққиёт банкининг Халқаро Ислом савдо ва молия корпорацияси билан ҳамкорлик ўрнатган ва у билан 2026-йил 16-май куни Бокуда пахта саноати бўйича битим имзоланган. Ушбу маблағ фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш ва улар етиштирган пахтани сотиб олишни кафолатлаш учун сарфланиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда пахта ва ғалла майдонлари қисқариши, ерларнинг ярми чорва озуқасига ажратилиши ҳақида ёзган эдик.

Теглар

Мавзуга оид