Тожикистонда пахта мавсуми бошланди, фермерлар мажбурий экишдан шикоят қилмоқда

Бугун 18:043 дақиқа

Тожикистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расмий баёнот бериб, деҳқонларни мажбурлашга ҳеч ким ҳақли эмаслигини таъкидлаган. Шу билан бирга, амалда маҳаллий ҳокимиятлар томонидан босим кучайиб бораётгани ҳақида хабарлар бор.

Тожикистонда пахта мавсуми бошланди, фермерлар мажбурий экишдан шикоят қилмоқда © Соғд вилояти ҳокими матбуот хизмати

Тожикистонда 2026-йил учун пахта экиш мавсуми бошланди. Шу билан бирга, фермерлар маҳаллий ҳокимиятлар томонидан ерларнинг 70 фоизига пахта экишга мажбурланаётгани ҳақида шикоят қилмоқда. Бу эса кўп ҳолларда иқтисодий жиҳатдан фойдасиз деб баҳоланмоқда, деб ёзди «Азия-плюс».

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, 3-апрел ҳолатига 23 минг гектардан ортиқ майдонга пахта экиб бўлинган. Экин майдонларининг асосий қисми Хатлон вилоятига тўғри келади. Умуман олганда, 2026-йилда мамлакат бўйича 186,8 минг гектар ерга пахта экиш режалаштирилган. Пахта Тожикистон қишлоқ хўжалигининг асосий стратегик экинларидан бири ҳисобланади. Расмий прогнозларга кўра, 2026-йилда пахта етиштириш ҳажми 422 минг тоннага етиши кутилмоқда – бу 2025-йилга нисбатан 3,8 фоизга кўп.

Тожикистонда фермерлар пахта экишга мажбурланмоқда

Тожикистонда сўнгги йилларда пахта етиштириш иқтисодий жиҳатдан унчалик фойдали бўлмай қолган. Шу боис кўплаб фермерлар буғдой ва сабзавот каби даромадлироқ экинларга ўтишни афзал кўрмоқда.

Шунга қарамай, ҳукумат пахта экиш бўйича прогноз кўрсаткичларини бажаришни таъминлаш учун маҳаллий ҳокимиятларга тегишли чоралар кўришни топширган. Бу каби кўрсатмалар ҳукумат йиғилишлари баённомаларида акс этган.

Расман Тожикистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фермерлар экин турини мустақил танлаш ҳуқуқига эга эканини айтса-да, амалда маҳаллий амалдорлар босими сақланиб қолмоқда. Айрим ҳудудларда фермерлардан майдонларнинг 70 фоизигача пахта экиш талаб қилинмоқда – ҳатто бошқа экинлар аллақачон экиб бўлинган бўлса ҳам.

Тожикистон Қишлоқ хўжалиги вазири Қурбон Ҳакимзода маҳаллий ҳокимиятлар фермерларга қайси экинни экишни мажбурлаб белгилашга ҳақли эмаслигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, муаммони ҳал қилиш учун олдиндан молиялаштириш тизимини жорий этиш, харид механизмларини яхшилаш зарур. Бу фермерларга ҳақиқий танлов имконини беради ва пахта етиштиришни бозор тамойилларига яқинлаштиради.

Ҳамадони туманида вазият кескинлашгани хабар қилинмоқда. «Radio Ozodi» маълумотига кўра, туман раиси Фаррухуддин Набизода фермерлар пахта ўрнига беда экиб қўйганига кескин муносабат билдирган. У йиғилишда шундай дегани келтирилади:

«Ҳурматли раис, қаерга қараяпсиз? Қишлоқдаги барча хўжаликлар беда экиб қўйган. Эртага пахтани қаерга экисиз?»

Расмий фермерлардан майдонларни қайта ҳайдашни талаб қилиб, 70 фоиз ерга пахта экилишини шарт қилиб қўйган. Шунингдек, у тракторлар билан келиб, экинларни қайта ҳайдаш билан таҳдид қилган.

Бу каби босим Тожикистон қонунчилиги нуқтаи назаридан саволлар туғдиради. Амалдаги тартибга кўра, деҳқон (фермер) хўжаликлари ўз фаолият йўналишини мустақил белгилайди, қайси экинни экишни ўзи танлайди, давлат органларининг улар фаолиятига бевосита аралашувига йўл қўйилмайди. Шу боис, маҳаллий ҳокимиятлар томонидан бундай босим қонун нормаларига зид бўлиши мумкин.

Паст харид нархлари ва ҳосилдорлик муаммоси

Тожикистонда умумий суғориладиган ерлар майдони тахминан 700 минг гектарни ташкил этади. Шундан ҳар йили 180–186 минг гектар ер пахта етиштириш учун ажратилади.

Расмийлар гектарига 22,6 центнер ҳосил олишни прогноз қилмоқда – бу мамлакатнинг аграр салоҳиятига нисбатан анча паст кўрсаткич ҳисобланади. Бундай ҳосилдорлик иқтисодий жиҳатдан самарасиз, чунки ушбу майдонлардан олинадиган маҳсулот ҳажми анча юқори бўлиши мумкин.

Агар 186,8 минг гектардан ҳар гектарига 40 центнердан ҳосил олинса, умумий ҳосил 700 минг тоннадан ошиши мумкин. Бу эса замонавий агротехнологиялардан фойдаланиш орқали эришилади. Жумладан, 2026-йилда Тожикистонда 40 минг гектар майдонда пахта «плёнка остида экиш» усулида етиштирилиши режалаштирилган.

Бу усул бир қатор муҳим устунликларга эга: тупроқда намликни сақлаб қолади (қурғоқчилик шароитида жуда муҳим), уруғларнинг тезроқ униб чиқишини таъминлайди, тупроқни эрозиядан ҳимоя қилади, бегона ўтлар ўсишини чеклайди, кимёвий воситалар ва қўшимча суғоришга эҳтиёжни камайтиради. Натижада ҳосилдорлик ошади, харажатлар эса камаяди – бу эса пахтачиликни янада самарали қилиш имконини беради.

Теглар

Мавзуга оид