Ёшларга 206 млн сўмгача имтиёзли ссуда ажратилади

Bugun 15:152 daqiqa

Ёшлар томонидан ташкил этилган тадбиркорлик субъектларини электр энергияси, ичимлик ва оқова сув тармоқларига улаш харажатларининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади.

Ёшларга 206 млн сўмгача имтиёзли ссуда ажратилади © Freepik

Ўзбекистонда ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларни тадбиркорликка жалб этиш мақсадида «Янги авлод тадбиркорлари» дастури ишга туширилади. Ушбу ташаббус 2030 йилга қадар 20 минг нафар ёшни қамраб олишни кўзда тутади.

Президент қарорига мувофиқ, дастур доирасида маҳаллий ва хорижий экспертлар, шунингдек хусусий сектор вакиллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади. Саралаш асосида танлаб олинган иштирокчилар тадбиркорликнинг асосий кўникмалари бўйича ўқитилади.

Тадбиркорликка ўқитиш жараёни

Ўқув жараёнида бизнес-режа тузиш, маҳсулотни бозорга чиқариш ва савдони кенгайтириш каби муҳим йўналишлар қамраб олинади. Дастур якунида иштирокчилар билимлари баҳоланиб, энг юқори натижа кўрсатган минг нафар ёшга махсус сертификат берилади.

Мазкур сертификатга эга бўлган ёшлар учун молиявий имкониятлар ҳам назарда тутилган. Хусусан, уларга БҲМнинг 500 бараваригача, яъни 206 млн сўмгача ссуда ажратилади. Ушбу маблағлар Марказий банк асосий ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги имтиёзли фоизда, 6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга берилади.

Шу билан бирга, 2026 йил 1 августдан бошлаб, янги ташкил этилган ва раҳбари ёшлардан иборат фермер хўжаликларига қўшимча енгилликлар тақдим этилади. Улар учун бухгалтерия хизматлари икки йил давомида бепул кўрсатилади.

Ёшлар ташкил этган тадбиркорлик субъектларига қўшимча имтиёзлар берилади

Бундан ташқари, 2026 йил 1 июлдан ёшлар ташкил этган тадбиркорлик субъектларини муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш харажатларининг БҲМнинг 10 бараваригача бўлган қисми давлат томонидан қоплаб берилади.

Аввалроқ, 2025 йил феврал ойида Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган бўлиб, унга 100 млн доллар маблағ ажратилган эди. Сўнгги йилларда ёш тадбиркорлар сони уч бараварга ошгани, бизнес субъектларининг қарийб 40 фоизини айнан ёшлар ташкил этаётгани қайд этилган.

Teglar

Mavzuga oid