Қайси банклар тадбиркорларга паст фоизда кредит бермоқда?
Марказий банк илк бор юридик шахслар учун кредит ставкалари ҳақида маълумотларни эълон қилди.

Ўзбекистон Марказий банки 2026 йил 20 апрел ҳолатига кўра, юридик шахсларга ажратилаётган кредитлар бўйича фоиз ставкаларини эълон қилди. Ушбу маълумотлар бизнес ва тадбиркорлар учун қайси банкларда кредитлар нисбатан арзон эканини кўрсатиб берди.
Айланма маблағларни тўлдириш учун ажратилган кредитлар бўйича фоиз ставкалари 21 фоиздан 30,3 фоизгача бўлган. Бу сегментда энг паст ставка “Milliy bank”да (21 фоиз), “KDB bank”да (21,5 фоиз) ва “Xalq banki”да (22,1 фоиз) кузатилган. Энг юқори фоизлар эса “TBC bank” (30,3 фоиз), “Kapitalbank” (29,8 фоиз) ва “Poytaxt bank” (29,1 фоиз) ҳиссасига тўғри келган.
Ушбу турдаги кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 25,4 фоизни ташкил этган бўлиб, бу бизнес учун айланма маблағларни жалб қилишда нисбатан юқори харажатлар сақланиб қолаётганини кўрсатади.

Асосий воситаларни харид қилиш учун ажратиладиган кредитларда эса фоизлар бироз пастроқ. Бу йўналишда ставкалар 19,8 фоиздан 29,5 фоизгача бўлган. Энг арзон кредитлар “BRB” (19,8 фоиз) ва “Milliy bank” (20,3 фоиз) томонидан таклиф этилган.
Шу билан бирга, энг юқори ставкалар “Universal bank” (29,5 фоиз), “Dvar bank” (25,7 фоиз) ва “Hamkorbank” (25,1 фоиз)да қайд этилган. Умумий ҳисобда, асосий воситалар учун кредитларнинг ўртача фоизи 23,9 фоизни ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ микрокредит ва автокредит ставкаларини энг қулай шартларда таклиф қилаётган банклар ҳақида маълумот берилган эди.





