Пойтахтда энг паст ижара нархлар қайси туманларда?

Bugun 18:451 daqiqa

2026 йил март ойида Тошкентда уй-жой ижараси ўтган ойга нисбатан 2,7 фоизга қимматлашди.

Пойтахтда энг паст ижара нархлар қайси туманларда?

Тошкент шаҳрида 2026 йил март ойи ҳолатига кўра уй-жой ижарасининг ўртача нархи ҳар бир квадрат метр учун 8,9 долларни ташкил этди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар берди.

Март ойидаги кўрсаткич феврал ойига нисбатан 2,7 фоизга ошган бўлса, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,8 фоизлик ўсишни қайд этди.

Ижара бозоридаги ўсиш асосан талабнинг сақланиб қолаётгани ва марказий ҳудудлардаги таклиф чеклангани билан изоҳланмоқда. Айниқса, иш ўринлари ва инфратузилма ривожланган туманларда ижара нархлари юқори даражада сақланмоқда.

Марказий ҳудудларда нархлар юқори

Пойтахтнинг марказий туманлари анъанавий равишда энг қиммат ижара бозори сифатида қолмоқда. Жумладан, Миробод туманида бир квадрат метр учун ўртача 11,5 доллар, Шайхонтоҳурда 11 доллар атрофида нарх шаклланган.

Шунингдек, Яккасарой туманида ижара 10,7 доллар, Мирзо Улуғбек туманида 10 доллар даражасида бўлган.

Чет ҳудудларда нисбатан арзон

Пойтахтнинг чекка туманларида ижара нархлари анча паст даражада сақланмоқда. Масалан, Бектемир туманида бу кўрсаткич 6,1 доллар, Сергелида 7 доллар, Учтепа ва Олмазор туманларида эса ўртача 7,5 доллар атрофида қайд этилган.

Шу билан бирга, йиллик ўсиш суръати бўйича Яшнобод тумани етакчилик қилмоқда — 18,9 фоиз. Мирзо Улуғбек туманида 14,3 фоиз, Яккасаройда эса 12,5 фоизлик ўсиш кузатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилда кўчмас мулк бозоридаги умумий ҳолат, уй-жой нархлари ва нархга таъсир қилувчи омиллар ҳақида маълумот берган эдик.

1

Teglar

Mavzuga oid