Президент фармони: уй-жойга муҳтож ёш оилалар олган ипотеканинг бир қисми бюджетдан қоплаб берилади
Ипотека кредити асосий ижтимоий мезонларга мувофиқ келадиган ёш оилаларга ажратилади.

2027-йил 1-январдан уй-жойга муҳтож ёш оилаларга бирламчи бозордан квартира сотиб олиш учун янги тартибда ипотека кредитларини ажратиш йўлга қўйилади. Бу 20-апрел куни қабул қилинган «Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030» стратегиясини тасдиқлаш ҳамда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонида белгиланган.
Янги тартибга кўра, ипотека дастури доирасида ипотека кредитлари бўйича ҳисобланган фоиз тўловларининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган қисми Давлат бюджетидан қоплаб берилади.
Ипотека кредити қуйидаги асосий ижтимоий мезонларга мувофиқ келадиган ёш оилаларга ажратилади:
ариза берувчи ҳамда унинг турмуш ўртоғи 30 ёшдан ошмаган бўлиши;
ариза берувчи ҳамда унинг турмуш ўртоғи номида сўнгги 3 йилда мулк ҳуқуқи асосида кўчмас мулк мавжуд эмаслиги.
«Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030» стратегияси
Фармон билан 2026–2030-йилларга мўлжалланган «Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030» стратегияси (Стратегия) тасдиқланди ҳамда унинг устувор йўналишлари белгиланди.
Фармонга кўра, 2026-йил 1-июлгача нодавлат қўшимча таълим хизматлари кўрсатувчи субъектларнинг юқори натижаларга эришган ўқитувчилари хорижий илғор таълим марказларига стажировкага юборилади.
Олис ва чекка ҳудудларда хорижий тилларга ўқитиш бўйича нодавлат қўшимча таълим хизматлари кўрсатишни ташкил этиш учун фоизсиз қарз (ссуда) ажратилган ва фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлган субъектларга БҲМнинг 730 бараваригача миқдорда (300 млн сўм) фоизсиз қарз (ссуда) ажратиб борилади.





