Ўзбекистонда март ойида 44 мингта уй сотилди. Бу мутлақ рекорд

Апрел ойидан йўлга қўйилган эскроу тизими мамлакатда уй-жой савдосини кескин ошириб юборди. Март ойида ўтган ойга нисбатан 2 баробардан кўпроқ уй сотуви амалга оширилди.

Ўзбекистонда март ойида 44 мингта уй сотилди. Бу мутлақ рекорд

Март ойида мамлакат бўйича уй-жой олди-сотди битимлари сони 43,6 мингтани ташкил қилди. Бу ҳақда иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар бермоқда.

Ўтган ойда уйлар сотуви февралга нисбатан 47 фоизга кўпайди. 2025 йил мартига нисбатан ўсиш 2,1 баробарни ташкил қилди. 

44 мингга яқин уйларнинг олди-сотди шартномаси Ўзбекистон учун мутлақ рекорд бўлди. Бунгача қайд этилган рекорд кўрсаткич 2025 йил декабрь ойида эди — 32 минг атрофида. 

1

2

Уй савдосининг энг юқори ўсиши Сирдарё вилоятида қайд этилди — бу ерда битимлар сони 64,6 фоизга ошган. 

Наманган вилоятида 63 фоиз ўсиш кузатилган бўлса, Тошкент, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси, ва Тошкент шаҳрида ўсиш суръати 40-50 фоиз атрофида бўлган.

Жами битимларнинг қарийб 34 фоизи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган. Пойтахтда бир ой давомида савдо ҳажми 44 фоизга ошиб, 12,8 мингтага яқин битим қайд этилган.

Нега савдо бу қадар кўпайди? 

Уй савдоси рекорд даражада ўсиши апрель ойидан жорий этилган янги ҳисоб-китоб тартибига ўтиш билан боғлиқ. 

1 апрелдан бошлаб, уйларнинг олди-сотдисида нақд пулсиз — эксроу тизими ишламоқда. Бу ўзгариш айрим харидорларни уй-жой сотиб олишни олдинроқ амалга оширишга ундади. 

Эскроу — бу харидор ва сотувчи ўртасидаги молиявий муносабатларда учинчи томон, Ўзбекистон милсолида банк иштирок этадиган тизимдир. Унинг асосий вазифаси — томонлар ўртасидаги ишончни таъминлаш ва маблағларни хавфсиз сақлашдан иборат.

Катта эҳтимол билан бу ўсиш барқарор трендни англатмайди. Аксинча, келгуси ойларда кўчмас мулк бозорида “совуш” кузатилиб, олди-сотди шартномалари сони пасайиши мумкин. 

Марказий банк маълум қилишича, апрель ойининг ярмида атига 6,8 мингта кўчмас мулк олди-сотди шартномалари имзоланган. 

Нархлар қандай ўзгарди? 

Март ойи якунларига кўра, Ўзбекистон бўйича иккиламчи уй-жой бозорида нархлар ойлик ҳисобда 0,4 фоизга ошган.

Йиллик ҳисобда эса нархлар ўсиши юқорилигича қолмоқда. Ўртача олганда, иккиламчи уй-жой нархи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10 фоизга кўтарилган.

Энг катта ўсиш Сирдарё вилоятида кузатилиб, нархлар 22 фоизга ошган. Самарқанд вилоятида бу кўрсаткич 18,7 фоиз, Андижон вилоятида эса 17,6 фоизни ташкил этган.

Пойтахтдаги вазият

Пойтахтда уй-жой нархлари сегментлар кесимида турлича ўзгарган. Иккиламчи бозорда ўсиш секинлашган бўлса, янги уйлар бозорида нархлар сезиларли даражада ошган.

Йиллик ҳисобда иккиламчи бозорда бир квадрат метр уй-жойнинг ўртача нархи 5 фоизга кўтарилган. Энг юқори кўрсаткич Миробод (7,3 фоиз), Мирзо Улуғбек (7,2 фоиз) ва Чилонзор туманига (6,9 фоиз) тўғри келди.

Янги уй-жойлар бозорида эса нархлар янада тезроқ ўсган. Ўтган йилнинг март ойига нисбатан бир квадрат метрнинг ўртача нархи 8,8 фоизга ошган. 

Бунда энг юқори кўрсаткич Мирзо Улуғбек (15,5 фоиз), Миробод (14,9 фоиз) ва Юнусобод (14,6 фоиз) туманларида қайд этилган.

Teglar

Fozil Qambarov

Fozil QambarovMaqolalar soni: 140

Barchasi

Mavzuga oid

Ўзбекистонда март ойида 44 мингта уй сотилди. Бу мутлақ рекорд | Vaqt.uz