«Толибон» Покистонга жавоб зарбаларини йўллади
Мазкур зарбалар 28 июнь куни Покистон Афғонистонга берган ҳаво ҳужумларидан сўнг амалга оширилди.
© Foto: rg.ruАфғонистондаги «Толибон» муваққат ҳукумати Покистон билан чегара бўйлаб жойлашган нишонларга зарбалар берди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Зарбалар оқибатида Покистоннинг жануби-ғарбидаги Балужистон вилоятида бир неча киши жароҳат олди. Покистон Қуролли кучлари тўртта оддий конструкциядаги дрон уриб туширилганини маълум қилди ҳамда ҳар қандай навбатдаги провокацияга «муносиб жавоб берилиши» ҳақида огоҳлантирди.
Нашрга кўра, ушбу ҳужум содир бўлганини мустақил равишда тасдиқлай олишнинг иложи бўлмаган. Мазкур зарбалар 28 июнь куни Покистон Афғонистонга берган ҳаво ҳужумларидан сўнг амалга оширилди. БМТ маълумотларига кўра, ўша ҳужумлар оқибатида 28 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган. Бир неча ойлик нисбий осойишталикдан сўнг минтақада кескинлик яна кучайди.
Октябр ойида бир неча ҳафта давом этган қонли тўқнашувлардан кейин икки давлат ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришган эди. Покистон узоқ йиллардан бери Афғонистонни ўз ҳудудида Покистонга ҳужум қилаётган террорчиларни яширишда айблаб келади. «Толибон» муваққат ҳукумати эса бу айбловларни рад этмоқда.
Кобул эса, ўз навбатида, Исломободни ҳеч қандай сабабсиз ҳужумлар уюштиришда ва бунинг оқибатида тинч аҳоли ҳалок бўлаётганида айблади. Покистон эса зарбалар фақат қуролли жангарилар нишонларига қаратилганини таъкидламоқда. Афғонистон маълумотига кўра, 28 июнь кунги Покистон ҳужумлари оқибатида тураржойларга зарар етган, 36 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, 160 дан ортиқ киши жароҳат олган. Афғонистон ушбу ҳужумни «қўрқоқона ҳаракат» ва «ваҳшийлик» деб атади. Покистон эса чегара бўйлаб қуруқликдаги операция ўтказгани ҳамда Афғонистоннинг Пактия, Пактика ва Кунар вилоятларидаги жангарилар яширинган жойларга ҳаво зарбалари берганини маълум қилди.
Мамлакат ахборот вазири Аттауллоҳ Таррарнинг айтишича, «сўнгги террорчилик ҳужумларига жавобан» ўтказилган операция давомида 29 жангари йўқ қилинган.
Ҳар икки давлат расмийларига кўра, сўнгги ойларда чегарадаги вақти-вақти билан юз бераётган тўқнашувлар ҳамда ҳаво ҳужумлари оқибатида ўнлаб одамлар ҳалок бўлган. Февраль ойида икки давлат ўртасидаги тўқнашувларда ўнлаб одамлар қурбон бўлган. Март ойида эса Покистоннинг Кобулдаги гиёҳвандликка қарам шахсларни реабилитация қилиш марказига берган зарбаси оқибатида юзлаб одам ҳалок бўлган.
Бундан аввал, июнь ойида Покистоннинг ҳаво ҳужумлари оқибатида 26 нафар жангари йўқ қилингани маълум қилинган эди. «Толибон» ҳукумати эса ушбу зарбалар оқибатида 13 киши, асосан болалар ҳалок бўлганини билдирган.

