Тошкент болаларга шафқатсиз муносабатда бўлган боғча ёпилди, тарбиячи уй қамоғига олинган
Боғча тарбиячисининг болаларга турли усулларда азоб бергани, хусусан, йиғлаётган боланинг оғзига латта тиқиб қийнагани видеокамераларга тушиб қолган эди.

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида жойлашган “Rayyan Kids Land” нодавлат таълим муассасасининг лицензияси суд қарорига асосан бекор қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур қарор муассаса тарбиячиси томонидан болаларга нисбатан мунтазам жисмоний тазйиқ ва қийноқлар қўлланилгани ортидан қабул қилинган.
Лицензиянинг бекор қилиниши ва тергов жараёни
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг киритган даъво аризаси бугун, 14 июл куни Тошкент туманлараро иқтисодий судида кўриб чиқилди. Суд мажлиси натижасига кўра, оилавий корхонага 2025 йилнинг 13 августида тақдим этилган рухсатнома ўз кучини йўқотди деб топилди.
Судя томонидан томонларга шикоят қилиш ҳуқуқлари ва муддатлари тушунтирилган.
Бундан олдинроқ, ушбу боғчада тарбиячи вазифасида ишловчи Г.А. болаларга турли усулларда азоб бергани, хусусан, йиғлаётган боланинг оғзига латта тиқиб қийнагани видеокамераларга муҳрланган эди.
Мазкур ҳодиса юзасидан айбланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси (Қийнаш) 2-қисми «а» ва «в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг 2026 йил 3 июлдаги ажримига кўра, тарбиячига нисбатан уй қамоғи эҳтиёт чораси белгиланди. Ҳозирда тегишли органлар томонидан тузилган ишчи гуруҳ доирасида тергов ҳаракатлари давом этмоқда.





