Logo

Тошкент мактабларида «ақлли камералар» ўрнатиш бошланди

Бугун 12:152 дақиқа

«Ақлли мактаб» тизими синов тариқасида Сергели туманидаги мактабларда жорий этилмоқда. Тумандаги 9–11-синф хоналарининг 345 тасидан 177 тасига замонавий камералар ўрнатилди.

Тошкент мактабларида «ақлли камералар» ўрнатиш бошланди © Toshkent shahar hokimligi

Тошкентда «Ақлли мактаб» тизимини жорий этиш доирасида мактабларга замонавий ақлли камералар ўрнатиш бошланди. Бу ҳақда 14 август куни пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

2026/2027 ўқув йилида тизимни жорий этишнинг биринчи босқичи «Сергели тажрибаси» доирасида тажриба-синов тариқасида амалга оширилмоқда.

Сергелида 177 та синфга камера ўрнатилди

Лойиҳа доирасида Сергели туманидаги умумий ўрта таълим мактабларининг 9–11-синф хоналаридаги жами 345 та синфнинг 177 тасига замонавий ақлли камералар ўрнатилди.

Қолган синф хоналарига камераларни ўрнатиш ҳамда уларни тизимга интеграция қилиш ишларини 2026 йил 25 августга қадар якунлаш режалаштирилган.

photo_2026-08-16_11-04-34

Ўрнатилган камералар махсус дастурий таъминот орқали Сергели тумани ҳокимлигида ташкил этилган Вазиятлар марказига интеграция қилинмоқда.

Камералар нимани назорат қилади?

Янги тизим орқали бир қатор жараёнларни автоматлаштириш режалаштирилган. Жумладан:

●     ўқувчилар давоматини автоматик аниқлаш;

●     мактаб хавфсизлигини кучайтириш;

●     бегона шахсларни аниқлаш;

●     ўқувчиларнинг дарсдаги фаоллигини таҳлил қилиш;

●     мактабга кириш ва чиқиш жараёнларини автоматик назорат қилиш.

Сергели тумани ҳокимлиги маълумотига кўра, тизим орқали фарзандларнинг мактабга келгани ва мактабдан кетгани ҳақида ота-оналарга зудлик билан хабар юбориш имконияти ҳам йўлга қўйилади.

Тизим кейинчалик барча мактабларга жорий этилади

«Сергели тажрибаси» доирасида шакллантирилаётган «Ақлли мактаб» тизимини келгусида Тошкент шаҳридаги умумий ўрта таълим мактабларига босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилмоқда.

photo_2026-08-16_11-04-26

Бу пойтахтда мактабларни рақамлаштириш бўйича биринчи бундай ташаббус эмас.

«Smart School» дастури аввал Олмазорда синовдан ўтказилиши керак эди

2025 йилда Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан 10–11-синф ўқувчилари учун «Smart School» электрон дастури асосида махсус кузатув тизимини жорий этиш белгиланган эди.

Қарорга кўра, дастур дастлаб тажриба тариқасида Олмазор туманидаги 31 та умумтаълим мактабида жорий этилиши режалаштирилган.

Унда ушбу мактаблардаги 250 та синф хонасига камералар ўрнатиш кўзда тутилган.

Теглар

Мавзуга оид