Logo

Тошкент вилояти ҳокими қаерда дам олади? Зойир Мирзаев ички туризм ва нархлар ҳақида

Бугун 20:121 дақиқа

21-август куни Паркент туманида ўтказилаётган «Узум сайли» фестивалида Зойир Мирзаев Vaqt.uz мухбирига интервю берди. Суҳбат давомида вилоят раҳбари ички туризм ҳолати, дам олиш масканларидаги нархлар ҳамда ўзи қаерда ҳордиқ чиқариши ҳақида гапирди.

Тошкент вилояти ҳокими қаерда дам олади? Зойир Мирзаев ички туризм ва нархлар ҳақида

Мухбир вилоятда қурилаётган меҳмонхона ва оромгоҳларнинг нархи оддий одамлар, айниқса ўқитувчи ва шифокорлар чўнтагига қанчалик мос келиши бўйича ҳоким фикри билан қизиқди. З. Мирзаевнинг таъкидлашича, ҳудудда турли тоифаларга тўғри келувчи санаторийлар ва меҳмон уйлари мавжуд. Туристик обектлар сонининг кўпайиши эса келгусида рақобатни ривожлантириб, нархлар арзонлашишига олиб келади.

«Албатта, биз оддий халқ тўғрисида гапиряпмиз. Лекин мен ҳалигача Тошкент вилоятида меҳмонхоналар қимматлиги учун бўшаб қолибди, деган нарсани кўрмадим», — деди З. Мирзаев.

Vaqt.uz мухбири одамларнинг ижтимоий тармоқларда «Чорвоққа пулимиз етмай, Дубайга кетадиган бўлдик» деган кинояли гаплари кенг тарқалганини эслатди ва амалдордан фикрини сўради. Ушбу саволга ҳоким «Чунки Чорвоқ битта-да», дея қисқа жавоб берди.

Суҳбат якунида вилоят раҳбари шахсан ўзи қаерда — Чорвоқдами ёки Дубайда дам олиши ҳақидаги саволга жавоб қайтарди. У саёҳатларга бориш учун вақти йўқлигини ва кўпроқ уйида дам олишини маълум қилди.

Теглар

Мавзуга оид