
Тошкент вилоятида 250 мингга яқин кишидан чиқинди учун асоссиз маблағ йиғилгани аниқланди
Рақобат қўмитаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси 5 та чиқинди ташиш корхонасининг аҳолига хизмат кўрсатиш ҳолатини ўрганиб чиқди.

Рақобат қўмитаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси аҳолига маиший чиқинди ташиш хизмати бўйича ўрганиш олиб борди. Унда айрим хонадонлардан чиқиндилар умуман олиб кетилмаган бўлса-да, уларга тўловлар ҳисобланган ва хизмат белгиланган даражада кўрсатилмагани каби қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Қайд этилишича, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан «RAHNAMO SERVIS», «ZERO-WASTE», «ZANGIOTA OBODON», «ANGREN BUNYOD FAYZ» ва «OHANGARON SANITARIYA TOZALASH» МЧЖларига нисбатан «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун талаблари бузилиш билан белгиланган тартибда иш қўзғатилди.
Натижада 250 мингга яқин истеъмолчига 8,8 млрд сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши бўйича қарор қабул қилинди. Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан кўрсатма берилди.
«Рақобат қўмитаси томонидан республикамизнинг ҳудудлари кесимида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида бу борадаги тизимли ўрганишлар давом эттирилмоқда», дейилади хабарда.
Аввалроқ декабр ойидан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида чиқинди хизматларидан қарздор бўлганлар учун электр тўлов амалиётлари вақтинча тўхтатилиши хабар қилинганди.





