
Тошкент вилоятида X–XI асрга оид деворий суратлар топилди
Ушбу топилмалар Тошкент воҳасида ўрта асрларда деворий суратчилик мактаби мавжуд бўлганини исботлайди.

Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги Қанқа шаҳристонида олиб борилаётган қазишмалар давомида X–XI асрларга оид деворий суратлар аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти хабар қилди.
Қайд этилишича, институт археологлари томонидан Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳомийлигида олиб борилаётган археологик қазишмалар давомида янги топилма аниқланди — милодий X–XI асрларга оид деворий суратлар.
Суратлар қадимги Қанқа шаҳри шаҳристонида жойлашган катта карвонсаройнинг деворларидан топилган. Қадимги шаҳарнинг жанубий дарвозасидан тахминан 60 метр узоқликда жойлашган карвонсаройнинг ўлчами тахминан 100×70 метр бўлиб, у меъморий жиҳатдан йирик иншоот ҳисобланади.
Қазишма ишлари чоғида хоналар деворидан қулаб тушган сурат бўлаклари 25×30, 15×20 ва 30×35 сантиметр ўлчамларда экани аниқланган. Бу эса карвонсарой хоналари деворий безаклар билан бой тарзда безатилганини кўрсатади.
Таъкидланишича, мазкур топилма араблар босқинидан кейин маълум вақт йўқолиб кетган деворий безак санъати Тошкент ҳудудида X–XI асрларда қайта тикланганидан далолат беради. Шу каби суратлар аввал Самарқанд ва Ахсикент ёдгорликларида ҳам топилган бўлиб, Тошкент воҳасида ҳам маҳаллий рассомлик анъанаси мавжуд бўлганини исботлайди.
Маълумот учун, ҳозирда ёдгорликни «Очиқ осмон остидаги музей»га айлантириш ишлари давом этмоқда. Бир неча ҳафта аввал бу ердан V–VIII асрларга оид ибодатхона ва жангчи совути бўлаклари ҳам топилган эди.





