Тошкент вилоятида йилига 5 млн долларлик банк карталари ва SIM-карталар ишлаб чиқарадиган корхона ишга тушмоқда

13.02.2026 | 16:002 дақиқа

2025 йил давомида мамлакатимизга 35 миллион долларлик микропроцессор модуллари, сим-карталар ва турли тўлов карталари импорт қилинган. Мазкур корхона тўлиқ ишга тушиши ҳисобига 5 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиб, бозордаги таннарх уч-беш фоизга пасайиши кутиляпти.

Тошкент вилоятида йилига 5 млн долларлик банк карталари ва SIM-карталар ишлаб чиқарадиган корхона ишга тушмоқда

Тошкент вилояти Оҳангарон туманида идентификация учун мўлжалланган микропроцессор модуллари, сим-карталар, шунингдек, транспорт, ижтимоий ва халқаро тўлов карталарини ишлаб чиқарадиган «Vades Group» компания ишга тушмоқда. 13 феврал куни Шавкат Мирзиёев компания фаолияти билан танишди.

Қиймати 15 миллион долларга тенг мазкур корхона маҳаллий бозорни импортга қарамликдан қисман халос этиш ва экспортни оширишга қаратилган.

Лойиҳа 2025 йил 22 январда қабул қилинган «Электротехника саноатини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида»ги қарор доирасида амалга оширилмоқда. Унда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва соҳани модернизация қилиш вазифалари белгилаб берилган.

Корхонада идентификация учун микро процессор модуллари, сим карталар, транспорт, ижтимоий ва халқаро тўлов карталари ишлаб чиқарилади. Бу маҳсулотлар рақамли давлат хизматлари ва хавфсиз тўлов тизимларини ривожлантириш учун муҳим аҳамиятга эга.

Германиянинг «Infineon Technologies» компанияси билан ҳамкорликда «Eltech Industrial» технопарки ҳудудида барпо этилаётган мажмуа 4 гектар майдонни эгаллайди. Айни пайтда қурилишнинг иккинчи босқичи 15 фоизга бажарилган ва 7 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилган.

Корхона тўлиқ ишга тушгач, 100 га яқин иш ўрни яратилади. Йиллик 6 миллион долларлик экспорт амалга оширилиши, 5 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Бу эса ички бозорда таннархни 3–5 фоизга пасайтириши мумкин.

Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Мозамбик ва Камбоджага экспорт қилинади. Президент корхона МДҲ давлатлари орасида ишлаб чиқариш ҳажми бўйича учинчи ўринга чиқиши мумкинлигини таъкидлаб, инновацион ёндашув ва кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича топшириқлар берди.

Теглар

Мавзуга оид