Logo

Тошкентда 114 йиллик тарихий бино замонавий санъат марказига айлантирилди

Президент Шавкат Мирзиёев танишиб чиққан мазкур маскан ўз фаолиятини 6 сентябр куни «Ҳикмат» номли халқаро кўргазма билан бошлайди.

Тошкентда 114 йиллик тарихий бино замонавий санъат марказига айлантирилди © Foto: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги янги Замонавий санъат марказига ташриф буюриб, унинг инфратузилмаси ва келгуси фаолияти билан танишди. Марказ 6 сентябрь куни расман очилиши режалаштирилган. Бу ҳақда президент матбоут хизмати хабар берди.

Ушбу муассаса Ўзбекистонда замонавий санъатга ихтисослашган биринчи давлат муассасаси бўлиб, Марказий Осиёда кўргазма, таълим, тадқиқот ва маърифий фаолиятни бирлаштирган мажмуа сифатида ташкил этилган. Лойиҳа Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан амалга оширилган.

Тарихий бино янги қиёфада

Марказ 1912 йилда меъмор Вилгелм Гейнцелман лойиҳаси асосида қурилган тарихий бинода жойлашган. Иншоот дастлаб трамвай депоси сифатида барпо этилган, кейинчалик дизел электр станцияси вазифасини бажарган.

Бинони реставрация қилиш концепциясини Франциянинг «Studio KO» бюроси ишлаб чиққан. Янгилаш жараёнида саноат меъморчилигига хос тарихий қиёфа сақланган, айни вақтда объект замонавий маданий муассаса талабларига мослаштирилган.

Мажмуада кўргазма ва таълим заллари, учрашувлар ҳамда оммавий тадбирлар учун майдонлар, ресторан ва концепт-дўкон ташкил этилган. Шунингдек, ихтисослаштирилган кутубхона ва тадқиқот архиви жамоатчилик учун очиқ бўлади.

Биринчи кўргазма «Ҳикмат»

Марказ фаолиятини «Hikmah» — «Ҳикмат» номли илк халқаро кўргазма билан бошлайди. Кўргазма билим, маънавий мерос ва маданий хотира мавзуларига, шунингдек, тарихий анъаналар билан замонавий санъат ўртасидаги боғлиқликка бағишланган.

Кўргазмада таниқли рассомларнинг 11 та асари, жумладан, марказ учун махсус яратилган ишлар намойиш этилади. Ўзбекистонда илк бор Ню-Йоркдаги Соломон Р. Гуггенхайм музейи тўпламидаги инсталляция ҳам тақдим қилинади.

Марказ «Guggenheim», «Tate», Помпиду маркази, Осиё санъати миллий музейи, «Delfina Foundation» ва Корея Санъат кенгаши каби хорижий маданий муассасалар билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда.

Қайд этилишича, келгусида бу ерда кўргазмалар, лекциялар, очиқ муҳокамалар, филм намойишлари, концертлар, перформанслар, ижодий устахоналар ва арт-резиденциялар ўтказилади.

Теглар

Мавзуга оид