Logo

Тошкентда автомобиллар оқими бир кунда 30 фоизга ошди

Бугун 10:452 дақиқа

Янги ўқув йилининг биринчи куни пойтахт кўчаларида автомобиллар сони кескин кўпайди. Шунга қарамай, тирбандлик 6 баллдан ошмади.

Тошкентда автомобиллар оқими бир кунда 30 фоизга ошди © Vaqt.uz

2-сентябр — янги ўқув йилининг биринчи кунида Тошкент кўчаларида транспорт оқими 24 августдаги одатий иш кунига нисбатан 30 фоизга ошди. Бу ҳақда Тошкент шаҳрида Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази маълум қилди.

Қайд этилишича, транспорт юкламаси ошганига қарамай, пойтахтда умумий тирбандлик даражаси 6 балл атрофида сақланган. Айрим кўчаларда ҳаракат тезлиги пасайган бўлса-да, тирбандлик кескин кучайишига йўл қўйилмади.

Марказ бунга транспорт оқимини доимий кузатиш, светофорларни тезкор созлаш ва асосий чорраҳаларда ҳаракатни мувофиқлаштириш орқали эришилганини билдирди.

Тирбандлик қандай бошқарилди?

ЙҲТЕМ ҳузуридаги Вазиятлар маркази пойтахтдаги муҳим чорраҳаларни марказлашган тарзда назорат қилмоқда. Мутахассислар реал вақт режимида йўл ҳолати, светофорлар, автомобиллар навбати ва жамоат транспорти ҳаракатини таҳлил қилади.

Тирбандлик юзага келса, транспорт оқими ва қўшни кўчалардаги вазият баҳоланади. Зарур ҳолларда светофорнинг яшил чироғи узайтирилади, ҳаракат фазалари қайта созланади ёки чорраҳалар ўзаро мувофиқлаштирилади.

ЙТҲ, бузилган автомобиль ёки йўл тасмасининг ёпилиши каби ҳолатлар аниқланса, маълумот ЙҲХБ ходимларига етказилади ва жойида чора кўрилади.

Юклама яна ошиши мумкин

Марказда ЙҲТЕМ, шаҳар транспорт бошқармаси, ЙҲХБ, жамоат транспорти диспетчерлик хизматлари ҳамда муҳандислик ва транспорт моделлаштириш мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ фаолият юритмоқда.

Яқин кунларда таълим муассасаларида ўқув жараёни тўлиқ йўлга қўйилиши билан пойтахтда транспорт юкламаси яна ошиши мумкин. Шу боис ҳаракат вазиятини мониторинг қилиш кучайтирилган тартибда давом эттирилади.

Теглар

Мавзуга оид