Logo

Тошкентда ФВВ қутқарувчиси ёнғинни ўчириш вақтида ҳалок бўлди

Учтепа туманидаги турар жойда содир бўлган ёнғинни ўчириш вақтида ФВВ махсус қутқарув баталёни отряд командирининг ўринбосари – гуруҳ командири, 33 ёшли капитан Бобурмирзо Пардаев ҳалок бўлди.

Тошкентда ФВВ қутқарувчиси ёнғинни ўчириш вақтида ҳалок бўлди

Тошкент шаҳри Учтепа тумани «Қуйи Дархон» МФЙ ҳудудидаги турар жойлардан бирида 15-август куни эрта тонгда ёнғин содир бўлди. Ҳодиса вақтида ФВВ қутқарувчиси, капитан Бобурмирзо Пардаев фожиали тарзда ҳалок бўлди.

ФВВ маълумотига кўра, ёнғин ҳақидаги хабар навбатчилик қисмига соат 03:41 да келиб тушган. Шундан сўнг Тошкент шаҳри ФВБ қутқарувчилари ва Республика махсус қутқарув батальони ходимлари воқеа жойига зудлик билан етиб борган.

Қутқарувчилар ёнғинни бартараф этиш билан бирга, уйда бўлган аҳолини эвакуация қилиш ишларини бошлаган. Улар ёнғин ичида қолган одамларни хавфсиз жойга олиб чиқиб, уларнинг ҳаётини сақлаб қолган. Бироқ қутқарув ишлари жараёнида 33 ёшли капитан Бобурмирзо Пардаев ҳалок бўлган.

«Махсус қутқарув батальони отряд командирининг ўринбосари — гуруҳ командири, капитан Бобурмирзо Пардаев ҳам жасорат кўрсатиб, инсонлар ҳаётини қутқарди. Бироқ ёнғинни бартараф этиш жараёнида капитан қаҳрамонларча ҳалок бўлди», — дейилади вазирлик хабарида.

Ҳодиса бўйича бошқа тафсилотлар ҳозирча маълум қилинмаган.

«Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти ва шахсий таркиби марҳум қутқарувчи капитан Пардаев Бобурмирзо Комилжон ўғлининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради», — дея таъкидланади ФВВ хабарида.

Теглар

Мавзуга оид