Тошкентда тўртта итни таёқ билан уриб ўлдирган ветеринар қамалди
Унинг ўғли ва омборхона ишчиси эса жарима тўлайдиган бўлди.
© Kollaj: Vaqt.uzТошкент шаҳрида итларни таёқ билан уриб ўлдирган ветеринар 7 суткага қамалди. «Vaqt.uz» суд иши билан танишди.
Суд ҳужжатида ёзилишича, жорий йилнинг 19 июнь куни пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги мебель цехи омборхонасида С.С, Д.С, ва Р.А. биргалашиб узун ёғочлардан фойдаланган ҳолда тўртта итнинг бош, бел ва бошқа қисмларига бир неча маротаба уриб ўлдирган. 20 йилдан ортиқ вақт давомида ветеринария соҳасида ҳайвонларни даволовчи шифокор бўилиб ишлаб келаётган С.С. судда айбига қисман иқрорлик билдириб, ҳолат қандай кечганини айтиб берган.
Унинг сўзларига, Е. исмли таниши унга ўша куни қўнғироқ қилиб, ундан мебел цехи омборхонасида мавжуд бўлган вабо билан касалланган итларни оғриқсиз ва азоб бермасдан ухлатиб беришини сўраган. Чақирувга асосан С.С. ўғли Д. билан бирга омборхонага борганида икки итнинг аллақачон ўлиб ётганини кўрган. Кейин эса касал итлар уларга ташланган. Шундан сўнг Д.С. ва омборхона ишчиси Р.А. унга ёрдамлашган.
Судланувчилар итларни уришдан мақсад уларни ўлдириш эмас, аксинча ўзларини ҳимоя қилиш бўлганини айтган. Улар итларни ҳушсиз ҳолатга келтириб, сўнг «Phenobarbital» номли укол орқали оғриқсиз ва азоб бермасдан ухлатмоқчи бўлган. Лекин ота-ўғил ва омборхона ишчиси ўша ердаги шароитда тўр орқали ёки ўзларининг темирдан ясалган анжоми орқали ушлаш имкони бўлмагани сабабли итларни таёқ билан урган.
Жорий йилнинг 2 июль куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг қарори билан С.С. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси (ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга нисбатан 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси берилди. Унга ёрдамлашган ўғли Д.С. ва Р. А. эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари, яъни 4 млн 120 минг сўмдан жаримага тортилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистондан гиёҳвандлик воситаларини олиб кириб, Ўзбекистонда тарқатиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ аъзоларига суд ҳукми ўқилганди.





