add

Тошкентдаги 87 экологик хавфли корхона шаҳар ташқарисига кўчирилади

Бугун 09:222 дақиқа

Пойтахт ҳавосини яхшилаш мақсадида энергия сарфи юқори ва ифлослантирувчи ишлаб чиқаришлар босқичма-босқич шаҳар ташқарисига олиб чиқилади.

Тошкентдаги 87 экологик хавфли корхона шаҳар ташқарисига кўчирилади

Тошкент шаҳрида экологик жиҳатдан хавфли деб топилган 87 та саноат корхонасини шаҳар ҳудудидан ташқарига кўчириш режалаштирилмоқда. Бу чоралар аҳоли саломатлигига салбий таъсирни камайтириш ва пойтахтда экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган.

Мазкур ишлар Президентнинг 2025 йил 30 январда қабул қилинган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили»да амалга оширишга оид давлат дастури доирасида олиб борилмоқда. Ҳужжатда энергия сарфи юқори ва атроф-муҳитга салбий таъсири катта бўлган ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ҳамда уларни шаҳарлардан ташқарига кўчириш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Дастурга мувофиқ, Тошкент ва Нукус шаҳарлари, шунингдек, вилоят марказларида жойлашган асбест ва цемент саноати, чарм-пойабзал, паррандачилик, қора ва рангли металлургия ҳамда бошқа юқори энергия истеъмол қилувчи тармоқларга мансуб корхоналар бўйича асосланган таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Тошкентда мазкур талабларга тўғри келадиган 87 та корхона аниқланган. Уларни кўчириш мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини замонавий технологиялар асосида янгилаш ва экологик стандартларга мослаштириш шарти билан босқичма-босқич амалга оширилади.

Назоратни кучайтириш мақсадида махсус комиссия томонидан саноат объектларида доимий текширувлар ўтказилмоқда. Жумладан, экологик хавфлиликнинг I тоифасига киритилган иккилламчи рангли металларни қайта ишлашга ихтисослашган «Ўзвторсветмет» акциядорлик жамияти фаолияти тўхтатилиб, у Жиззах вилоятидаги саноат зонасига кўчирилади.

2025 йил октябр ойидаги текширувлар давомида атроф-муҳитни ифлослантириш ҳолатлари аниқланиб, корхонага 18 миллиард 91 миллион 717 минг 137 сўм миқдорида экологик зарар компенсацияси ҳисобланган. Мазкур маблағлар эвазига эски ва зарарли эритиш печлари утилизация қилиниб, ишлаб чиқариш замонавий, экологик хавфсиз ускуналарда давом эттирилади.

Кўрилган чоралар натижасида йилига ўртача 226,7 тонна зарарли моддалар чиқарилиши олди олиниб, Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида ҳаво сифати сезиларли яхшиланиши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид