Logo

Тошкентдаги ОТМларда дарслар энди соат 08:00да бошланади

Бугун 12:141 дақиқа

2026/2027-ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларида биринчи смена дарслари соат 08:00да бошланади.

Тошкентдаги ОТМларда дарслар энди соат 08:00да бошланади © finance.yahoo.com

2026/2027-ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларида биринчи сменадаги ўқув машғулотлари соат 08:00да бошланади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, янги тартиб пойтахтда транспорт оқимини самарали ташкил этиш, эрталабки ва кечки тирбанд вақтларда йўллардаги юкламани камайтириш ҳамда таълим жараёнини янада мақбул ташкил этишга қаратилган.

Хусусан, дарс машғулотларининг эртароқ бошланиши олий таълим ташкилотларига қатнайдиган талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг ҳаракатланиш вақтини оқилона режалаштириш, кун давомида таълим жараёнини самарали ташкил этиш ҳамда шаҳардаги транспорт воситалари оқимини мақбуллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Шунингдек, мазкур тартиб кундузги ва кечки таълим шаклларида таҳсил олаётган талабалар учун ўқув кунини тўғри режалаштириш, машғулотлар ва бошқа ўқув фаолияти учун вақт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнида Тошкент шаҳридаги олий таълим ташкилотлари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар, педагоглар ҳамда талабалар мазкур тартибни инобатга олишлари сўралди.

Таълим ташкилотларида ўқув машғулотларини белгиланган вақтда бошлаш, ўқув жараёнини тегишли равишда ташкил этиш ҳамда талабалар учун зарур шарт-шароитларни таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, янги ўқув йилида олий таълим ташкилотлари 1-босқич талабалари учун дарслар 7 сентябрдан, 2-босқич ва ундан юқори босқич талабалари учун эса 14 сентябрдан бошланади.

Теглар

Мавзуга оид

Тошкентдаги ОТМларда дарслар энди соат 08:00да бошланади | Vaqt.uz