Тошкентдаги қиммат парковка: нархларни оператор эмас, ҳокимлик тасдиқлаган
Тошкентда жорий этилаётган пуллик автотураргоҳлар учун тарифлар хусусий оператор томонидан эмас, балки шаҳар ҳокимлиги қарори билан тасдиқланган. Бу ҳақда «Poytaxt Parking» раҳбари Жаҳонгир Тошпўлатов VAQT.UZ журналистига маълум қилди.

Унинг айтишича, шаҳар марказидаги автотураргоҳлар учун амалдаги 12 минг сўмлик тариф ҳам Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан белгиланган.
«Биз техник оператормиз, ҳоким қарори ижросини амалга оширамиз. Шу сингари, автотураргоҳлар нархини ҳам биз белгиламаймиз. Тарифлар ҳокимлик қарори билан тасдиқланади. «Poytaxt Parking» Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан ҳамкорликда ишлайди», — деди Жаҳонгир Тошпўлатов.
VAQT.UZ Марказий Осиёнинг йирик шаҳарларидаги пуллик автотураргоҳлар нархларини солиштирди. Таҳлил натижаларига кўра, Тошкентда бир соатлик парковка учун тўланадиган маблағ қўшни давлатлар пойтахтларига нисбатан бир неча баробар юқори.
Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бир соатлик автотураргоҳ хизмати учун 100 тенге (тахминан 2200 сўм) тўланади. Олмаотада ҳам худди шу нарх белгиланган.
Бишкекда тўлов миқдори 30–60 сом (4150 сўмдан 11 минг сўмгача) бўлиб, бу нарх тўхташ ҳудудига қараб фарқ қилади.
Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида автотураргоҳлар учун дастлабки 10 дақиқа бепул. Шундан сўнг ҳар бир соат учун 3 сомоний (тахминан 3930 сўм) тўланади. Тунги соат 22:00 дан 07:00 гача парковка текин ҳисобланади.
Тошкент эса 12 минг сўмлик тариф билан мазкур рўйхатда энг юқори ўринни эгаллайди. Бу нарх қўшни мамлакатлар пойтахтларидаги автотураргоҳлар тўловидан бир неча баробар қиммат бўлиб, ҳозирча минтақадаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Жаҳонгир Тошпўлатовнинг таъкидлашича, Қозоғистондаги амалдаги тарифлар билан Тошкентдаги нархларни тўғридан-тўғри таққослаш ҳам тўлиқ манзарани акс эттирмайди.
«Қозоғистонда тарифлар анча арзон. Уларнинг парковка нархлари тахминан 10 йил олдин белгиланган ва шундан буён деярли ўзгармаган. Ҳозир парковка тизимини давлатнинг ўзи бошқаради. Аввал эса бу соҳада хусусий инвестор фаолият юритган ва инвестиция киритган», — деди у.
«Poytaxt Parking» раҳбари Тошкент учун пуллик автотураргоҳлар амалиёти янгилик эмаслигини ҳам таъкидлади. Унинг фикрича, янги тизимнинг мазмун-моҳияти ва тарифлар қандай шаклланиши ҳақида аҳолини кенгроқ хабардор қилиш зарур.
Хусусий оператор раҳбари VAQT.UZ журналистининг «Тушумлар қаерга сарфланади?» деган саволига қуйидагича жавоб берди:
«Биз техник оператормиз. Пулларни тасарруф этмаймиз. Бизда давлатга, шаҳарга қиладиган бир нечта тўловларимиз бор. Булар — ер ижараси, ҳокимиятнинг йўл жамғармасига бадал ва дастурий таъминотдан фойдаланганлик учун тўлов. Чунки дастурий таъминот ҳам шаҳарга тегишли. Кейин бу пуллар қаерга кетишини айта олмаймиз, чунки буни ҳокимият тасарруф этади. Ҳозир ҳисобот тайёрлаяпмиз. Яқин вақт ичида давлатга қанча пул тўлаганимизни эълон қиламиз. Сизга бир нарсани айта оламан: лойиҳа бугунги кунда зарар билан ишлаяпти ва биз ишлаб топганимиздан кўра кўпроқ пул тўладик. Бу пуллар асосан инвесторлар маблағлари ҳисобидан қопланди», — деди у.





