add

Тошкентдаги қуюқ туманга нима сабаб бўлмоқда?

01.12.2025 | 11:2518502 дақиқа

Ўзбекистон ҳудудида сўнгги кунларда кузатилаётган қуюқ туман нима билан боғлиқ эканлиги маълум қилинди.

Тошкентдаги қуюқ туманга нима сабаб бўлмоқда?

Сўнгги кунларда Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб совуқ антисиклон таъсири кучайиб бормоқда ва ушбу жараён 5 декабргача сақланиб туриши прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда Махсус комиссия хабар берди.

Маълумотларга кўра, 29 ноябрдан бошлаб совуқ антисиклон янада кучайиб, атмосфера босимининг кўтарилиши ва ҳаво ҳароратининг пасайишига олиб келмоқда. Натижада кечаси совуқ, кундузи эса кучсиз илиқ об-ҳаво кузатилмоқда.

Совуқ антисиклонларга хос бўлган эрталабки туманлар кузатилиши эҳтимоли юқори. Узоқ муддатли инверсия ҳаводаги чанг, тутун ва майда дисперс заррачалар концентрациясининг ошишига, шунингдек, қуюқ туман ҳодисалари эҳтимолининг кучайишига олиб келади. Мазкур жараён ҳавода заррачаларнинг юқорига кўтарилмай, пастки қатламларда тўпланиб қолишига сабаб бўлади.

Комиссия таъкидлашича, сўнгги кунларда ҳаводаги ифлосланиш манбаларини камайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Тошкент шаҳри ва атрофида ўтказилган рейдлар давомида 1 449 та иссиқхона текширилиб, 67 тасининг фаолияти тўхтатилган, юзлаб шахсларга маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Шунингдек, ноқонунний қурилиш объектлари аниқланиб, айримлари фаолияти тўхтатилган, ҳавони ифлослаётган ҳолатлар бўйича жавобгарлик чоралари кўрилган.

Автотранспорт йўналишида ҳам назорат кучайтирилиб, юкни очиқ ташиган ва меъёрдан ортиқ зарар келтирган ҳайдовчиларга нисбатан жарималар қўлланган. Қўшимча равишда шаҳар кўчалари намланиб, ариқлар тозаланган, фавворалар ишга туширилган, дарёлардаги ноқонуний қазиш ишларига чек қўйилган.

Ушбу чоралар натижасида PM2.5 кўрсаткичлари 24 ноябрдаги 171 mkg/m³дан 28 ноябрда 97 mkg/m³гача пасайгани қайд этилган. Шу билан бирга, мамлакат ҳали ҳам кучли антисиклон таъсирида бўлгани учун инверсия сақланиб, ҳаводаги майда заррачаларнинг тарқалиши секинлашмоқда. Бу табиий метеорологик жараён бўлиб, ҳаво тозаланиш суръатини пасайтиради.

Махсус комиссия масъул идоралар томонидан нафақат жорий чоралар, балки узоқ муддатли экологик ечимлар устида ҳам изчил иш олиб борилаётганини маълум қилди. Шунингдек, ҳавони ифлослаётган манбаларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича тун-кун давомида кучайтирилган рейдлар амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда ҳавони ифлослантирган 100 дан ортиқ объект фаолияти тўхтатилганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Теглар

Мавзуга оид