Logo

Тошкентдаги умумий овқатланиш шохобчаларига маиший газ баллонларидан фойдаланиш тақиқланди

Бугун 10:452 дақиқа

Тошкентда ёнғин хавфини камайтириш учун махсус режим жорий этилди. Янги чекловлар умумий овқатланиш шохобчалари, ёнилғи қуйиш станциялари ва аҳоли хонадонларини қамраб олади.

Тошкентдаги умумий овқатланиш шохобчаларига маиший газ баллонларидан фойдаланиш тақиқланди © hududgaz

Тошкент шаҳрида 22-июндан 15-сентябргача «ёнғинга қарши махсус режим» жорий этилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнининг қарори эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, ёзнинг иссиқ кунларида ёнғин хавфини камайтириш мақсадида қатор чекловлар ва профилактик чоралар жорий этилмоқда.

Энг муҳим ўзгаришлардан бири сифатида бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа умумий овқатланиш объектларида овқат тайёрлаш учун маиший газ баллонларидан фойдаланиш тақиқланди. Шунингдек, газ қувурларига ноқонуний уланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида умумий овқатланиш корхоналарида назорат кучайтирилади. Бу ишлар Пойтахт Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси, «Ўзенергоинспексия», Саноат хавфсизлиги қўмитаси ва «Ҳудудгаз Пойтахт» ҳамкорлигида амалга оширилади.

Ёнилғига чекловлар

Қарор билан барча турдаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида хавфсизлик назорати ҳам кучайтирилади. Куннинг энг иссиқ вақти — соат 11:00 дан 17:00 гача йирик ҳажмли транспорт воситаларига ёнилғи қуйиш ҳамда ер усти ва ер ости омборларига ёнилғи юклаш чекланади.

Бундан ташқари, енгил автомобилларга автоцистерналардан тўғридан-тўғри суюлтирилган газ қуйиш тақиқланади. Ушбу талаб бузилган ҳолларда ёнилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини тўхтатиб қўйишгача бўлган ҳуқуқий чоралар қўлланиши мумкин.

Ҳужжатга мувофиқ, пойтахтда фавқулодда хизматлар ҳаракатига тўсқинлик қиладиган шлагбаум ва бошқа сунъий тўсиқлар аниқланиб, бартараф этилади.

Шунингдек, аҳоли хонадонларида ёнғин хавфсизлиги бўйича кенг қамровли профилактика ишлари ўтказилади.

Электр ва газ тармоқлари, сув иситиш қозонлари, вентиляция тизимлари ҳамда мўрилар техник кўрикдан ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун тегишли мутахассислар жалб қилинади. Кондиционер ва бошқа маиший электр қурилмаларидан хавфсиз фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Энергетика вазирига янги ўринбосарлар тайинлангани ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Мавзуга оид