Logo

Тошкентга икки йилда 19 млрд доллар инвестиция киритилади

Бугун 11:251 дақиқа

Президент қарори билан Тошкентни 2026–2027 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича янги мақсадлар белгиланди. Унга кўра, ялпи ҳудудий маҳсулот ва хизматлар ҳажми оширилиб, пойтахтга 19 млрд долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинади.

Тошкентга икки йилда 19 млрд доллар инвестиция киритилади

Президентнинг «Тошкент шаҳрини 2026–2027 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат Lex.uz порталида эълон қилинди.

Қарор билан пойтахтни 2026–2027 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди.

Унга кўра, 2026 йилда Тошкент шаҳрида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 11,7 фоизга, саноат ишлаб чиқаришини 8,5 фоизга ошириш режалаштирилган.

Шунингдек, бозор хизматлари ҳажмини 19 фоизга, қурилиш ишлари ҳажмини эса 17,3 фоизга кўпайтириш вазифаси қўйилган.

Икки йилда 19 млрд доллар инвестиция жалб қилинади

Қарорга мувофиқ, 2026 йилда 9 млрд доллар, 2027 йил якунига қадар эса 10 млрд доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, тарихий, маданий ва кўнгилочар объектларни ривожлантириш орқали Тошкентга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини ошириш режалаштирилган.

Халқаро экспертлар жалб этилади

Ҳужжатга кўра, Тошкент шаҳрини ривожлантириш стратегияси, тегишли дастурлар ҳамда уларни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш учун халқаро консалтинг компаниялари ва хорижий экспертлар жалб қилинади.

Уларнинг хизматлари Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан, «таклиф сўрови» асосида молиялаштирилади.

Теглар

Мавзуга оид