add

Трамп Ўзбекистон ва Қозоғистонни G20 саммитига таклиф қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп 2026 йил Майамида ўтадиган G20 саммитига Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарларини махсус меҳмон сифатида таклиф қилди.

Трамп Ўзбекистон ва Қозоғистонни G20 саммитига таклиф қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп 2026 йилда бўлиб ўтадиган «Катта йигирматалик» саммитига Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарларини таклиф қилишини маълум қилди. Саммит 14–15 декабр кунлари Майами шаҳрида ўтказилади.

Трамп бу ҳақда Truth Social ижтимоий тармоғида ёзиб, қарор Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан ўтказилган телефон мулоқотларидан сўнг қабул қилинганини билдирди.

Truth Social 1

АҚШ раҳбарининг таъкидлашича, суҳбат давомида ҳозирги можароларда тинчликка эришиш масалалари, шунингдек, мамлакатлар ўртасида савдо ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш йўллари муҳокама қилинган. У Ўзбекистон ва Қозоғистон билан муносабатларни «жуда аъло» деб баҳолаган.

«Келгуси йил АҚШ G20 саммитига мезбонлик қилади ва биз икки давлат раҳбарини ҳам ушбу учрашувга таклиф қиламиз», — деб ёзди Доналд Трамп.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио декабр ойи бошида АҚШ G20 саммитини 2009 йилдан кейин илк бор қабул қилишини маълум қилган эди. Саммит АҚШ давлатчилигига 250 йил тўлиши муносабати билан алоҳида аҳамият касб этиши қайд этилган.

Саммитнинг асосий мавзулари сифатида тартибга солишни қисқартириш, энергия манбаларига кенгроқ кириш имкониятини яратиш ҳамда янги технологияларни ривожлантириш белгиланган. Шунингдек, тадбирда G20 аъзолари билан бир қаторда тез ривожланаётган иқтисодиётлар ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Доналд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилгани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид