Трампнинг «Тинчлик кенгаши» пулсиз қолдими?
АҚШ президенти Доналд Трумп ташаббуси билан тузилган «Тинчлик кенгаши»га ваъда қилинган миллиардлар ҳали тўлиқ келмагани маълум қилинди.

АҚШ президенти Доналд Трамп бошчилигидаги «Тинчлик кенгаши» Ғазо секторини қайта тиклаш учун аъзо давлатлар ваъда қилган 17 миллиард доллар маблағнинг озгина қисминигина олган. Бу ҳақда Reuters манбаларига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, кенгашнинг биринчи йиғилиши 19 феврал куни Вашингтонда ўтказилган. Унда тўққизта давлат, жумладан, Ўзбекистон, Ғазога ёрдам учун 7 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратишга ваъда берган. АҚШ эса алоҳида равишда 10 миллиард доллар ажратиш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Халқаро ҳисоб-китобларга кўра, икки йиллик уруш натижасида вайрон бўлган Ғазо секторини қайта тиклаш учун тахминан 70 миллиард доллар талаб этилади. Бу эса мавжуд молиявий ресурслар ҳажми ҳали етарли эмаслигини кўрсатмоқда.
Кенгаш режасига кўра, Ҳамас қуролсизлантирилганидан ва Исроил қўшинлари олиб чиқилганидан кейин Ғазода кенг кўламли тикланиш ишлари амалга оширилиши керак. Шунингдек, маблағлар Ғазони бошқариш учун ташкил этилган Миллий мувофиқлаштирувчи қўмита фаолиятини таъминлашга ҳам йўналтирилади.
Бироқ Reuters манбасига кўра, молиялаштиришни ваъда қилган 10 давлатдан фақат учтаси — БАА, Марокаш ва АҚШ — амалда маблағ ажратган. Ҳозирги кунда кенгаш бюджети 1 миллиард доллардан кам экани айтилмоқда. Манбага кўра, АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан боғлиқ можаролари бу жараёнга салбий таъсир кўрсатган.
Аммо «Тинчлик кенгаши» расмий баёнотида молиялаштириш муаммолари рад этилди.
«Тинчлик кенгаши» — бу заруратга кўра капитал жалб қилувчи, ихчам ва натижага (ижрога) йўналтирилган ташкилотдир. Молиялаштиришда ҳеч қандай чекловлар йўқ. Шу кунга қадар барча молиявий сўровлар зудлик билан ва тўлиқ ҳажмда қондириб келинди», — дейилади баёнотда.





