
Туркия суди Нетаняҳуни ҳибсга олиш учун ордер берди
Истанбул прокуратураси Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва бошқа 30 дан ортиқ амалдорларни Ғазо урушида «геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар»да айблаб, ҳибсга олиш ордерини чиқарди.

Туркия 7 ноябр куни Исроилнинг Ғаза секторидаги ҳарбий амалиётларини «тизимли равишда амалга оширилган геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар» деб баҳолаб, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳамда бир қатор юқори мартабали амалдорларга нисбатан расмий ҳибс ордери берди. Бу ҳақда Al Jazeera нашри хабар берди.
Истанбул шаҳар прокуратураси маълумотларига кўра, 37 нафар гумонланувчилар рўйхатига мудофаа вазири Исроил Катс, миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ва армия бошлиғи генерал-лейтенант Эял Замир ҳам киритилган.
Прокуратура баёнотида 2023 йил 17 октабрда Газа секторидаги ал-Аҳли баптистлар касалхонасига қилинган ҳаво ҳужумида 500 нафар одам ҳалок бўлгани, 2024 йил 29 февралда Исроил ҳарбийлари тиббий жиҳозларни атайлаб йўқ қилгани ҳамда ҳудуд блокада қилиниб, гуманитар ёрдам етказишга тўсиқ қўйилгани қайд этилган.
Шунингдек, март ойида Исроил томонидан бомбардимон қилинган Турк–Фаластин дўстлик касалхонаси ҳам тилга олинган.
Исроил Ташқи ишлар вазири Гидеон Саар бу қарорни «Эрдоғаннинг навбатдаги пиар найранги» деб атади ва «Исроил Туркиянинг бу ҳаракатини нафрат билан рад этади», деган баёнот берди.
Шу билан бирга, Ҳамас ҳаракати Туркия қарорини олқишлаб, уни «адолат ва инсонпарварлик қадриятларига садоқат рамзи» сифатида баҳолади.
Туркиянинг бу қадами Халқаро жиноят суди Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Ёав Галлантга қарши уруш жиноятлари бўйича ҳибс ордери берганидан деярли бир йил ўтиб амалга ошди.
Туркия шунингдек, ўтган йили Жанубий Африка Республикаси томонидан Халқаро адлия судида Исроилга қарши қўзғатилган «геноцид иши»га ҳам қўшилган эди.
Расмий маълумотларга кўра, 2023 йил октабридан буён Газа урушида камида 68 875 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, 170 мингдан ортиқ киши яраланган.





