
Туркияга саёҳатга борган оиланинг барча аъзолари кетма-кет вафот этди
Сервет ва унинг рафиқаси Чидем Бўчек ҳамда уларнинг уч ва олти ёшли фарзандларининг вафотига икки хил сабаб тахмин қилинмоқда.

Туркияда Германиядан келган турк-немис оиласининг фожиали ўлими бутун мамлакатни ларзага солди: 9 ноябр куни Ҳамбургдан Истанбулга бир ҳафтага дам олиш учун келган, сўнгра Афён-Қараҳисардаги бобосини зиёрат қилишни режалаштирган эр-хотин ва уларнинг икки фарзанди бирин-кетин вафот этди. Сабаби ҳали ҳам номаълум.
Дастлабки тахмин — овқатдан заҳарланиш эди. Бир ҳафта аввал оила Истанбулнинг Ўртакўй туманида кўча сотувчисидан мидия олиб еган. Кейин эса ресторанда маҳаллий таом — кокореч ва тавук тантуни буюртма қилиб овқатланган.
Шундан сўнг улар Фатиҳ туманида меҳмонхонага қайтишдан олдин ўзларига раҳат-лукум харид қилишган. Кўп ўтмай, уч ёшли Масал ва олти ёшли Қодирда кучли қайт қилиш бошланди. Ота-она — 38 ёшли Сервет ва 27 ёшли Чидем Бўчек — болаларни шифохонага етказишга улгурган, аммо ўша аломатлар тез орада ўзларида ҳам пайдо бўлди.
Тиббий ёрдамдан кейин уларга шифохонадан жавоб беришган ва меҳмонхонага қайтишган, бироқ эртаси куни яна ўткир симптомлар билан шифохонага олиб келинган. Шу ерда болалар ва она вафот этган. Ота эса орадан бир кун ўтиб, ҳаётдан кўз юмган.
Истамбул прокуратураси тергов жараёнларини бошлади. Шу доирада етти нафар кўча таоми сотувчиси қўлга олинган, оила овқатланган ресторандаги маҳсулотлар текширилмоқда.
Битта оиланинг барча аъзоси вафот этишида яна бошқа сабабни ҳам тахмин қилишмоқда — ҳодиса меҳмонхонада ҳашаротларга қарши ишлатилган кимёвий моддалар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Меҳмонхона эгаси, бир нечта ходим ва санитария ишлари билан шуғулланган компания вакиллари қўлга олинган. Шубҳа шуки, ўлимга алюминий фосфиди — ҳашаротларга қарши қўлланиладиган ниҳоятда хавфли кимёвий дори сабаб бўлган бўлиши мумкин. У вентиляция орқали хонага тарқалгани тахмин қилинмоқда.
Шанба куни меҳмонхонада яшаган яна икки сайёҳ — италиялик ва марокашлик — худди шундай аломатлар билан шифокорга мурожаат қилган. Суд-тиббиёт институти ишга жалб этилди, марҳумларнинг жасадлари тўлиқ экспертизадан ўтмоқда.
Чидемнинг отаси — Мустафа Челик, неваралари келиши керак бўлган киши айбдорларга энг оғир жазо берилишини талаб қилмоқда.
Ҳодиса Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған эътиборига ҳам тушди. У оиланинг ўлим сабабларини зудлик билан аниқлашни буюрди.
Турк матбуоти эслатишича, алюминий фосфиди билан боғлиқ шунга ўхшаш фожиа икки йил аввал Анқарада ҳам содир бўлган: ўша пайт икки киши вафот этган, ўн уч киши шифохонага ётқизилган эди.





