Logo

Туркманистонда президентнинг амакиваччасига тегишли бўлган тижорий бинолар бузиб ташланди

Бугун 10:403 дақиқа

Давлат раҳбари шу пайтгача кўплаб қариндошларининг бизнесларини ёпиб, уларни ишдан бўшатган. Масалан, барлардан бирида маст ҳолда жанжал чиқарган амакиваччаси ва коррупцияга йўл қўйган қариндошини лавозимидан четлатган. Аммо бу галги ижарачини президентнинг аммаси ҳимоя қилиб қолган. Унинг асосий ижарачиси наркотик моддалар билан ушланганди.

Туркманистонда президентнинг амакиваччасига тегишли бўлган тижорий бинолар бузиб ташланди © Turkmen News

Ашхободнинг 30-микрораёнида яқинда бир қатор биноларнинг бузиб ташланиши ортида президент Сердар Бердимуҳамедовнинг шахсий кўрсатмаси турган бўлиши мумкин. «Turkmen.news» манбасининг маълум қилишича, ушбу ҳудуддаги тижорий бинолар давлат раҳбарининг амакиваччаси — Ботир Давлетовга тегишли бўлган.

Маълумотларга кўра, Давлетовнинг асосий ижарачиларидан бири наркотик моддаларни истеъмол қилиш ва тарқатишда гумон қилиниб, қўлга олинган. Шундан сўнг президент Сердар Бердимуҳамедов амакиваччаси ижарага бериб келган ҳудудни тозалаш, яъни у ердаги биноларни бузиш ҳақида кўрсатма бергани айтилмоқда.

Нашр манбасига кўра, Ботир Давлетов — Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг синглиси Гулнабад Давлетованинг ўғли. Давлетов ушбу ҳудуддаги биноларни турли тадбиркорларга ижарага берган. Улар орасида энг кўп объектни Бегли исмли тадбиркор эгаллаган. У бу ерда автомойка, автомобил таъмирлаш устахонаси, автотураргоҳ ва бир нечта дўконни бошқарган.

Манбага кўра, Бегли Давлетовнинг оддий ижарачисигина эмас, балки унинг молиявий ҳамкори ҳам бўлган. Айтишича, Бегли бир кунда 1000 долларгача даромад қилган. Бир муддат олдин Ички ишлар вазирлиги ходимлари тадбиркорни наркотик моддаларни истеъмол қилгани учун ушлаган. Шунингдек, у тақиқланган моддалар савдоси билан ҳам шуғуллангани иддао қилинмоқда.

Президент бу воқеадан хабар топгач, қаттиқ ғазабланган ва қариндошига тегишли бўлган кўчмас мулкни бузишга буйруқ бергани айтилмоқда. Ҳудуддаги дўконлар ва бошқа тижорий объектлар билан бир қаторда, тураржойлар ҳам бузиб ташланган.

Туркманистонда хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар наркотик моддалар билан боғлиқ ишлар фигурантларига нисбатан жуда қаттиқ чоралар кўриши билан маълум. Бу шахс наркотик моддаларни истеъмол қилганми ёки тарқатганми, унга қўйилган айбловлар ҳақиқийми ёки асоссизми — бундан қатъи назар, оқибатлар оғир бўлиши мумкин.

Бироқ Бегли энг оғир жазо ва ҳибсдан қутулиб қолгани айтилмоқда. Манбага кўра, уни бизнес ҳамкорининг онаси — Гулнабад Давлетова ҳимоя қилиб қолган. Унга нисбатан тергов давом этяптими ёки йўқми — номаълум. Гулнабад Давлетова аввал Туркманистон Миллий Қизил ярим ой жамиятига раҳбарлик қилган ва мамлакатдаги энг нуфузли аёллардан бири бўлган.

Бироқ Сердар Бердимуҳамедов ҳокимиятга келгач, унинг отаси томонидан бўлган аммалари, уларнинг фарзандлари ва куёвларининг мавқеи анча заифлашгани ҳақида хабарлар тарқалган. Манбаларга кўра, амалдаги президент оиласининг жамоатчилик олдидаги обрўсига жуда катта эътибор беради ва унинг номи ёки оиласига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатларга йўл қўйган қариндошларига нисбатан қаттиқ чора кўради.

Масалан, Сердар Бердимуҳамедов ҳали вице-премьер бўлиб турган пайтда амакиваччаси Шомурод Ражабовга тегишли тунги дўконларни ёптирган. Аммо бу чекловлар кейинчалик бекор қилинган. Ражабов аввал ҳам бизнес манфаатлари ёки одоб-ахлоқ меъёрларига зид хулқ-атвори билан боғлиқ турли жанжаллар марказида бўлган. 2022-йилда эса янги президент Гулнабад Давлетовани лавозимидан кетишга мажбур қилган. Шунингдек, унинг куёви Ибабекир Бекдурдиевга тегишли бўлган икки ресторанни ҳам бузишга буйруқ берилган. Уларнинг Ботаника боғи ҳудудида қонунга хилоф равишда жойлаштирилгани айтилган.

2023-йилда президентнинг яна икки қариндоши лавозимидан айрилган. Президентнинг амакиваччаси Аҳмед Гелдимуродов «Туркменгаз» давлат концерни раисининг ўринбосари лавозимидан ишдан бўшатилган. Бунга унинг барлардан бирида маст ҳолда жанжал чиқаргани сабаб бўлгани айтилган. Яна бир қариндоши — Раҳимберди Эшонгулиев «Туркманистон авиакомпанияси» АЖ бош директори ўринбосари лавозимидан четлатилган. Манбалар унинг авиация соҳасидаги коррупция билан боғлиқ ҳолатлар сабаб ишдан бўшатилганини билдирган.

Шу билан бирга, 30-микрораёндаги биноларнинг айнан Ботир Давлетов ёки унинг ҳамкорларининг хатти-ҳаракатлари сабаб бузилганини тасдиқловчи тўғридан-тўғри далиллар мавжуд эмас.

Теглар

Мавзуга оид