Logo

Уч карра ер солиғини тўлаганмисиз? Кимлар пулини қайтариб олади?

Бугун 20:416 дақиқа

Янги қонун 2020–2024-йиллар давомида жисмоний шахслардан ундирилган уч карра ер солиғини бекор қилди. Натижада миллионлаб кўчмас мулк объектлари бўйича солиқ қайта ҳисобланади. Бироқ бу ўзгариш ерга эгалик ҳуқуқини автоматик бермайди. Мақолада кимлар пулини қайтариб олиши, ариза бериш тартиби ва янги қонуннинг энг муҳим жиҳатлари таҳлил қилинди.

Тасаввур қилинг, бир неча йил олдин сизга ер солиғи ҳисобланган. Одатдагидан уч баравар кўп. Сиз уни тўладингиз. Балки мажбуран, балки қарздор бўлиб қолмаслик учун.

Президент 15-июн куни ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тан олиш тартибини соддалаштириш тўғрисидаги қонунни (ЎРҚ 1153-сон) имзолади. Шу тариқа Ўзбекистонда ер участкасидан ҳужжатсиз фойдаланган шахслардан 2020 йил 1 январдан 2024 йил 1 июнгача ундирилган уч карра ер солиғи бекор қилинди. Янги қонунга кўра, ортиқча солиқ суммалари қайта ҳисоб-китоб қилиниб, фуқароларга қайтарилади.

Бу оддий солиқ ҳақидаги янгилик эмас. Гап қарийб 4 млн 344 мингта кўчмас мулк объекти ҳақида кетмоқда. Солиқ қўмитаси ҳисоб-китобларига кўра, қайта ҳисобланадиган маблағ ҳажми 1,5 трлн сўмга яқин. Бу айрим вазирликларнинг бир йиллик бюджетига тенг маблағ. Демак, ушбу мавзу миллионлаб фуқароларга тааллуқли.

Уч карра ер солиғи бекор қилинди. Кимлар пулини қайтариб олади?

Ер участкаларидан ҳужжатсиз ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда, қўлланиладиган 3 баравар солиқ ставкаси бекор қилинди.

Президент томонидан имзоланган янги қонунга кўра, жисмоний шахсларга айнан 2020-йил 1-январдан 2024-йил 1-июнгача ҳисобланган уч карра ер солиғи бекор қилинди. Бу дегани, ўша давр учун оширилган ставкада ҳисобланган солиқлар энди қайта кўриб чиқилади. Лекин жуда муҳим жиҳат бор. Кўпчилик “Энди уч карра ер солиғи умуман бекор бўлди”, деб ўйлаши мумкин. Йўқ. Бу фақат битта даврга тегишли.

Янги қонун фақатгина 2020-йил 1-январдан 2024-йил 1-июнгача бўлган муносабатларга татбиқ этилади. Ҳозирги амалда ишлаб турган тартиб ишлайверади. 2025 ва 2026-йилларда ҳисобланган уч карра солиқлар бекор қилинмайди ва кимдир ер участкасидан ҳужжатсиз фойдаланса, уч карра ер солиғини тўлайди.

Кимларга татбиқ этилади?

Бу имтиёз барча фуқароларга эмас. Фақат жисмоний шахсларга нисбатан қўлланилади. Яна аниқроқ айтсак:

— ер участкасига ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжати бўлмаганлар;

— ёки ҳужжатда 6 сотих кўрсатилган бўлса-да, амалда 8 сотихдан фойдаланганлар. Масалан, сизнинг ҳовлингиз ҳужжат бўйича 10 сотих, лекин амалда 12 сотих ишлатяпсиз. Мана шу ортиқча 2 сотих учун сизга уч карра ер солиғи ҳисобланган бўлиши мумкин. Энди айнан шу ҳисоб-китоб қайта кўрилади.

Нега айнан 2020–2024-йиллар?

Кўпчилик яна битта савол беради. Нега айнан 2020 ва 2024-йиллар оралиғи? Нега ундан олдинги ёки кейинги давр эмас? Бунинг сабаби жуда оддий. 2020-йилдан бошлаб янги Солиқ кодекси кучга кирди ва унда уч карра солиқ нормаси жорий этилган. Лекин шу даврда фуқароларнинг ҳужжатсиз ерларини қонунийлаштириш учун аниқ механизм мавжуд эмас эди.

Фақат 2024-йилда 937-сонли Қонун қабул қилиниб, ҳужжатсиз эгалланган ерлар ва улардаги бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тартиби белгиланди. Шу сабабли айнан мана шу давр учун уч карра солиқ бекор қилинмоқда.

Пул қандай қайтарилади? Ариза ёзиш керакми?

Яхши хабар шуки... Қайта ҳисоб-китоб автоматик амалга оширилади. Солиқ қўмитаси барча маълумотларни ахборот тизимлари орқали қайта ҳисоблайди. Фуқародан ҳеч қандай ариза талаб қилинмайди. Яъни сизнинг 2020–2024-йиллар оралиғидаги уч карра солиғингиз автоматик равишда бир карра ставкага туширилади.

Агар сиз аллақачон пулни тўлаб бўлган бўлсангиз-чи? Унда ортиқча тўланган сумма аниқланади. Бу маблағ аввало сизнинг бошқа солиқ қарздорликларингиз бўлса, ўша ерга йўналтирилади. Қарздорлик бўлмаса, кейинги солиқларингиз ҳисобига ўтказилади.

Ортган солиқ суммасини қайтариб олиш учун фуқаролар ариза бериш кифоя. Аризани “Солиқ” мобил иловаси орқали беришлари керак бўлади. Смартфони йўқлар ёки мобил иловадан фойдаланмайдиганлар ўзи яшайдиган туман (шаҳар) солиқ инспекцияларига мурожаат қилишлари мумкин. Солиқ кодексига биноан, ортиқча тўлов 15 кун ичида қайтариб берилади.

Қайта ҳисоб-китобни қаердан текшириш мумкин?

Буни учта усулда текширишингиз мумкин.

Биринчиси — “Солиқ” мобил иловаси.

Иккинчиси — шахсий кабинет.

Учинчиси — ҳудудий солиқ органлари орқали.

Қайта ҳисоб-китоб тугагач, барча маълумотлар шу тизимларда акс этади.

Уй сотилган бўлса, пул кимга қайтарилади?

Яна бир жуда муҳим масала. Агар ҳужжатсиз уй сотилган бўлса-чи? Пул кимга қайтарилади? Бу ерда асосий мезон — солиқни ким тўлагани. Агар уч карра солиқни олдинги эгаси тўлаган бўлса, ортиқча тўлов ҳам ўша шахсга тегишли бўлади. Чунки қайтарилаётган маблағ ернинг ўзига эмас, айнан ортиқча тўланган солиқ суммасига боғлиқ.

Уч карра солиқ бекор қилиниши ерга эгалик ҳуқуқини берадими?

Энди 937-сонли қонун ҳақида. Бу қонун нима учун муҳим? Чунки кўпчилик уч карра солиқ бекор бўлди дегани энди ер ҳам автоматик меники бўлди, деб ўйлаши мумкин. Уч карра солиқнинг бекор қилиниши ер участкасига бўлган ҳуқуқни эътироф этиш учун тўлақонли асос бўла олмайди. Ушбу ўзгаришлар билан бирга, фуқаролар 937-сонли қонунга мувофиқ, ҳужжатсиз ер участкасига эгалик ҳуқуқини расмийлаштириши мумкин. Бироқ, бу 2018-йил 1-майгача қурилган бино-иншоотларга тааллуқли. Агар бино шу санагача қурилган бўлса, унга эгалик ҳуқуқини эътироф этиш мумкин.

Ҳозирги ҳолатда бинони 2018-йилдан кейин қурганлар ҳужжат олиши бўйича қонунчиликда назарда тутилмаган. Ҳозирча улар уч карра солиқни тўлаб юришга мажбур.

Ер майдони нотўғри ҳисобланган бўлса, фуқаролар нима қилиши керак?

Уч карра ер солиғи кадастр органлари тақдим этган маълумотлар асосида автоматик ҳисобланади. Агар фуқаро ер майдони ёки кадастр маълумотлари нотўғри киритилган деб ҳисобласа, масала кадастр органларига мурожаат қилиш орқали ҳал этилади. Кадастр органи маълумотларни текшириб, зарур ўзгартиришларни ахборот тизимига киритади. Шундан сўнг солиқ суммаси янгиланган кадастр маълумотлари асосида автоматик равишда қайта ҳисобланади.

Қонундаги яна қандай енгилликлар бор?

Илгари айрим ҳолларда кичик миқдордаги солиқ қарздорлиги ҳам ҳуқуқни эътироф этишга тўсқинлик қиларди. Энди эса қарздорлик тушунчаси аниқлаштирилди. Агар қарздорлик Базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари яъни 12,36 млн сўмдан ошмаса, бу ҳолат автоматик рад этиш учун асос бўлмайди. Фуқарога уни бартараф этиш имконияти берилади ва шундан кейин ҳужжатлаштириш давом эттирилади.

Бир марталик тўловларни тўлаш механизми ҳам енгиллаштирилди. Эндиликда айрим тўловларни уч йилгача бўлиб тўлаш мумкин. Бундан ташқари, агар белгиланган муддат ичида бир марталик тўловнинг 50 фоизи тўлиқ тўланса, қолган қисмига қонунда назарда тутилган чегирма қўлланади. Бу эса кўплаб оилалар учун катта молиявий енгиллик бўлиши мумкин.

Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, қайта ҳисоб-китоб қарийб 4 миллион 344 мингта кўчмас мулк объектига тааллуқли бўлиши мумкин. Шундан 2 миллион 751 мингга яқини ҳужжатсиз фойдаланилган ерлар, қарийб 1,6 миллиони эса ҳужжатда кўрсатилганидан ортиқ фойдаланилган ер майдонларидир. Умумий қайта кўриб чиқиладиган сумма эса қарийб 1,5 триллион сўмни ташкил қилиши кутилмоқда.

Хулоса

1153-сонли Қонун минглаб эмас, миллионлаб фуқаролар учун молиявий енгиллик яратмоқда. Лекин бу ерга эгалик ҳуқуқи автоматик берилди дегани эмас. Энг тўғри йўл — ҳужжатларни қонунийлаштириш. Агар сиз ёки яқинларингиз 2020–2024-йиллар оралиғида уч карра ер солиғи тўлаган бўлса, яқин кунларда “Солиқ” иловаси ёки шахсий кабинетингизни текшириб кўринг. Чунки қайта ҳисоб-китоб автоматик амалга оширилади. Агар ортиқча тўлов аниқланса, уни кейинги солиқларга йўналтириш ёки қайтариб олиш имконияти мавжуд.

 Энг муҳими, ҳужжатсиз ер масаласини имкон қадар тезроқ қонуний йўл билан ҳал қилишга ҳаракат қилинг. Чунки бугунги енгиллик фақат ўтган давр учун берилди. Келгусида эса амалдаги қонунчилик талаблари ўз кучида қолади.

 

Бахтиёр Тўхтаев, журналист

Оператор ва монтажчи: Мирвоҳид Мирраҳимов

Теглар

Бахтиёр Тўхтаев

Бахтиёр ТўхтаевМақолалар сони: 29

Барчаси

Мавзуга оид

Уч карра ер солиғини тўлаганмисиз? Кимлар пулини қайтариб олади? | Vaqt.uz