add

Украина пойтахтида ёнғинлар: Россия Киевнинг барча туманига ҳужум қилди

Киевга қилинган оммавий ҳужумда кўп қаватли уйлар вайрон бўлди, ҳомиладор аёл ва яна ўнлаб фуқаро жароҳат олди.

Украина пойтахтида ёнғинлар: Россия Киевнинг барча туманига ҳужум қилди

Жума куни эрталаб Россия Киевга йўналтирилган оммавий ҳужум амалга оширди. Шаҳардаги деярли барча туманлар қатор портлашлар ва учувчи қурилмалар парчалари оқибатида зиён кўрди. Шаҳар мэри Виталий Кличконинг сўзларига кўра, камида 16 киши жароҳат олган, шулардан беш нафари шифохонага ётқизилган, улар орасида бир ҳомиладор аёл ва аҳволи оғир бир эркак ҳам бор.

Киев ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченконинг маълум қилишича, ҳужумда дронлар ва ракета воситалари қўлланилган. «Россияликлар турар жой биноларини нишонга олмоқда. Деярли ҳар бир туманда кўп қаватли уйлар шикастланган», — деди у.

Шаҳарда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга туширилган, расмийлар эса аҳолидан хавфсиз бошпаналарни тарк этмасликни сўрашган. Электр ва сув таъминотида узилишлар кузатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилди.

Дарницкий туманида турар жой ҳовлиси ва таълим муассасаси майдонига парчалар тушган, бир автомашина ёниб кетган. Днепровский туманида учта турар жой биноси ва бир хусусий уйга зиён етган, очиқ майдонда ёнғин келиб чиққан. Подилский туманида бешта турар жой ва битта нотурар жойга шикаст етказилган.

Киев областида ҳам муҳим инфратузилма ва шахсий тураржойлар зарарлангани, камида бир фуқаро жароҳатлангани маълум қилинди. 55 ёшли эркак Бела Церква шаҳрида тан териси куйиши сабаб шифохонага ётқизилган. Пойтахт атрофидаги уйларда бир неча ёнғин чиққани қайд этилди.

Ҳужум Европада Украинага нисбатан коррупцияга қарши қатъий кураш талаблари янграётган бир пайтда содир бўлди. Шу билан бирга, ЕИ расмийлари Киевга ёрдам кўрсатиш давом этишини маълум қилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Украина пойтахтида ёнғинлар: Россия Киевнинг барча туманига ҳужум қилди | Vaqt.uz