Украина қишки Паралимпиада—2026га сиёсий бойкот эълон қилди
Киев расмийлари Россия ва Беларус спортчилари миллий байроқ остида қатнашишидан норози.

Украина ҳукумати 2026 йилги қишки Паралимпия ўйинларини сиёсий бойкот эълон қилди. Қарор Россия ва Беларус спортчиларига миллий байроқлари остида иштирок этишга рухсат берилгани ортидан қабул қилинди.
Украина делегацияси очилиш маросими ва бошқа расмий тадбирларда қатнашмайди. Бу ҳақда 18 феврал куни мамлакат спорт вазири Матвей Бедний маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ташкилотчиларнинг мазкур қарори жамоатчиликда кескин норозилик уйғотган.
Ташқи ишлар вазири Андрей Сибиха ҳам қарорни танқид қилди. У Россия ва Беларус давлат рамзлари тажовуз ва уруш билан боғлиқ эканини билдириб, уларни жиноятлардан ажратиб бўлмаслигини қайд этди. Сибиха украин элчиларига қабул қилувчи давлатлар расмийлари билан музокара ўтказиш ва қарор бекор қилинмаса, 6 март куни бўладиган очилиш маросимида иштирок этмасликка чақириш топширилганини маълум қилди.
Халқаро паралимпия қўмитаси қарори
Халқаро паралимпия қўмитаси эса олти нафар россиялик ва тўрт нафар белорус спортчисига миллий байроқ остида қатнашишга рухсат берганини билдирган. Бу қарор 2022 йил февралда Украинада уруш бошланганидан бери илк бор қабул қилинди.
Қўмита буни ўтган йил сентябрда Бош ассамблея томонидан қабул қилинган резолюция билан изоҳлади. Унга кўра, аввалги четлатиш қарорлари бекор қилиниб, спортчиларга Италиядаги ўйинларда давлат рамзлари билан иштирок этиш имкони берилган.
Қишки Паралимпия ўйинлари 6–15 март кунлари Милан, Кортина-д Ампеццо ва Вал-ди-Фемме шаҳарларида ўтказилади. Айни пайтда давом этаётган Олимпиадада Россия ва Беларус вакиллари фақат нейтрал мақомда иштирок этмоқда.





