«Уруш муқаррар». АҚШ ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси очиқ тўқнашувга яқинлашмоқда

Бугун 21:303 дақиқа

Ҳўрмуз бўғозидаги кескинлик энди шунчаки сиёсий баёнотлар билан чекланмаяпти. Эрон иқтисодий назорат ўрнатишга уринаётган бир пайтда, АҚШ минтақада кенг кўламли ҳарбий тайёргарликни бошлади.

«Уруш муқаррар». АҚШ ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси очиқ тўқнашувга яқинлашмоқда

Ҳўрмуз бўғози атрофидаги геосиёсий вазият туб ўзгаришлар палласига кирди. Теҳрон расмийларининг кескин баёнотлари ва АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг кенг кўламли машғулотлари бир нуқтада кесишиб, минтақа «эркин кема қатнови» ҳудуди мақомини йўқотаётганидан далолат бермоқда. Бугун Кўрфаз шиддатли иқтисодий ва ҳарбий қарама-қаршилик майдонига айланди.

Эрон энди бўғозни шунчаки тўсиб қўйиш таҳдидидан воз кечиб, уни «тижорийлаштириш» стратегиясига ўтмоқда. Эрон парламентининг Миллий хавфсизлик қўмитаси аъзоси Алоуддин Буружердий Теҳроннинг янги позициясини очиқлашича, бундан буён вазиятнинг урушдан олдинги ҳолатига қайтиши мутлақо имконсиз.

Теҳрон муаммонинг ҳар қандай муросали ечимини қатъиян рад этмоқда. У сув йўли хавфсизлигини таъминлаш харажатларини рўкач қилиб, бўғоз орқали ўтадиган кемалардан бож ундириш ниятида қатъий турибди.

Хўш, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) тўловларни фақат миллий валюта — риалда (хусусан, рақамли риалда) қабул қилиш талабини нима билан асосламоқда? Бунинг учта асосий сабаби бор:

Биринчидан, Эрон шу йўл билан миллий валютага бўлган талабни сунъий равишда оширишни кўзламоқда.

Иккинчидан, ушбу молиявий тизим халқаро санкцияларни айланиб ўтиш имконини беради.

Учинчидан эса, хорижий юк ташувчилар учун жорий этиладиган мажбурий конвертация иқтисодий инқироз ва уруш туфайли зарар кўрган Эрон банк тизимини қайта тиклашга хизмат қилади.

Мазкур лойиҳа ҳозирда парламент, Эрон Қуролли Кучлари ва Миллий хавфсизлик олий кенгаши ўртасида якуний мувофиқлаштириш босқичида турибди. ИИҚК томонидан таклиф этилган ушбу «йўл харитаси»нинг тасдиқланиши амалда дунёнинг энг муҳим нефть артерияси устидан Эроннинг тўлиқ иқтисодий назорати ўрнатилишини англатади.

Вашингтоннинг ҳарбий тайёргарлиги

Эроннинг ушбу қонунчилик ташаббуслари фонида Вашингтон куч ишлатиш сценарийсига шай эканини очиқ намойиш этмоқда. «Flightradar24» платформаси ва разведка манбалари минтақада мисли кўрилмаган ҳарбий фаолликни қайд этмоқда: АҚШ ўз авиация кучларини жадал суръатларда кўчирмоқда. Хусусан, АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) масъулият ҳудудига ҳарбий-транспорт ва ҳавода ёнилғи қуйиш самолётлари оммавий равишда етиб келаётгани кузатиляпти.

Бундан ташқари, америкаликлар тизимли «танкерлар уруши»га тайёргарликни якунламоқда. АҚШ халқаро сувларда Эрон танкерларига қарши амалиётлар ўтказишни режалаштирмоқда. Бу эса Трамп томонидан берилган қисқа муддатли танаффусдан унумли фойдаланиб олган Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг худди шундай кескин жавоб чораларини кўришига сабаб бўлиши мумкин. Музокаралар жараёни муваффақиятсизликка учраганидан кейин Эрон ҳудудига тўғридан-тўғри зарбалар қайта бошланиш эҳтимоли соат сайин ортиб бормоқда.

«Мукаммал бўрон»

Шу тариқа, Ҳўрмуз бўғозидаги кескинлик жаҳон иқтисодиёти ва минтақавий хавфсизлик учун «мукаммал бўрон» эффектини юзага келтирмоқда.

Бугун ушбу бўғоз Эрон ўз географик устунлигини сиёсий ва иқтисодий дастакка айлантиришга уринаётган, АҚШ эса ҳарбий қудратини намойиш этиш орқали минтақадаги назоратни сақлаб қолишга интилаётган стратегик тўқнашув нуқтасига айланмоқда.

Эрон раҳбариятининг вазият «ҳеч қачон аввалгидек бўлмаслиги» ҳақидаги баёнотлари шуни кўрсатадики, эндиликда минтақавий хавфсизликнинг аниқ молиявий баҳоси бор. Бу баҳони эса халқаро ҳамжамият ё катта маблағ, ёки тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашув хавфи билан тўлашига тўғри келади.

Теглар

Мавзуга оид