Урушдан кейинги ҳисоб-китоб: Эрон АҚШга кескин талаб қўйди

Теҳрон АҚШ ва Исроилнинг муҳим инфратузилмаларга берган зарбалари оқибатида етказилган зарарлар учун компенсация миқдорини эълон қилди.

Урушдан кейинги ҳисоб-китоб: Эрон АҚШга кескин талаб қўйди

Эрон расмийлари АҚШ ва Исроил ҳужумлари оқибатида етказилган вайронагарчиликлар учун товон пули тўланишини талаб қилди. Мамлакат ўз позициясида қатъий қолмоқда, минтақавий кучлар эса можарони тўхтатиш учун воситачилик қилишда давом этмоқда.

Эроннинг БМТдаги доимий вакили минтақадаги бешта давлат Эронга ҳужум қилиш учун ўз ҳудудларидан фойдаланишга имкон берганини айтиб, улардан ҳам компенсация талаб қилиниши кераклигини таъкидлади.

Шунингдек, Теҳрон зарарни қоплашнинг яна бир йўли сифатида «Ҳўрмуз бўғози протоколи»ни илгари сурмоқда. Ушбу ҳужжатга кўра, сув йўлидан ўтадиган кемалардан алоҳида бож ундирилиши кўзда тутилган.

Эрон ҳукумати матбуот котиби Фотима Муҳожироний Россиянинг «РИА Новости» агентлигига берган интервюсида маълум қилишича, 28 февралда бошланган АҚШ–Исроил ҳужуми оқибатида Эрон кўрган тўғридан-тўғри ва билвосита зарар миқдори дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 270 миллиард долларни ташкил этмоқда.

У зарарларнинг тўлиқ таркиби ҳақида батафсил маълумот бермади, бироқ товон пули масаласи ўтган ҳафта Покистонда Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги музокараларда муҳокама қилинганини ва келажакдаги эҳтимолий учрашувларда ҳам асосий мавзулардан бири бўлишини таъкидлади.

Ҳукумат маълумотларига кўра, мамлакатнинг муҳим инфратузилмасига етказилган кенг кўламли зарарларни баҳолаш ишлари ҳали ҳам давом этмоқда. Ҳарбий мажмуалардан ташқари, қуйидаги объектлар тизимли равишда нишонга олинган ва уларни тиклаш учун йиллар талаб этилади:

·         Нефт ва газ иншоотлари;

·         Нефт-кимё корхоналари;

·         Пўлат ва алюминий заводлари;

·         Кўприклар, портлар ва темир йўл тармоқлари;

·         Университетлар ва илмий-тадқиқот марказлари;

·         Электр станциялари ва сувни чучуклаштириш иншоотлари.

Бундан ташқари, кўплаб шифохоналар, мактаблар ва аҳоли турар жойлари вайрон бўлган ёки жиддий шикастланган.

«Иқтисодий воқелик»

Ҳукумат матбуот котиби Фотима Муҳожироний шу ҳафта бошида Эрон давлат ОАВларига берган интервюсида «мавжуд иқтисодий воқелик» туфайли ҳукумат АҚШ–Исроил ҳужумлари натижасида уй-жойи вайрон бўлган ёки шикастланган фуқароларга етказилган зарарни қоплаш учун етарли ресурсларга эга эмаслигини тан олди.

Шу билан бирга, Эрон авиакомпаниялари ассоциацияси котиби Мақсуд Асади Саманий маҳаллий матбуотга 60 та фуқаролик самолёти ишдан чиққанини, улардан 20 таси АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида бутунлай йўқ қилинганини маълум қилди.

Мулозимнинг сўзларига кўра, айни пайтда Эронда бор-йўғи 160 га яқин йўловчи самолёти парвозларни амалга оширмоқда. Уларнинг аксарияти бир неча ўн йил муқаддам ишлаб чиқарилган бўлиб, АҚШ санкциялари оқибатида юзага келган эҳтиёт қисмлар тақчиллиги ва техник хизмат кўрсатишдаги муаммоларга қарамай, катта қийинчиликлар эвазига ишлатиб келинмоқда.

Саманийнинг қўшимча қилишича, авиакомпаниялар март ойи охиридаги Наврўз байрами муносабати билан кутилган даромаднинг катта қисмидан ҳам маҳрум бўлган. Уруш давомида соҳанинг жами кўрган зарари 300 триллион риёлдан (жорий курс бўйича тахминан 190 миллион доллар) ошиб кетган.

Мамлакатнинг бир қанча халқаро аэропортлари, жумладан, Теҳрон, Табриз, Урмия ва Хуррамободдаги ҳаво бандаргоҳларининг учиш-қўниш йўлаклари, бошқарув миноралари ва ангарларига берилган кўплаб зарбалар оқибатида мазкур инфратузилма объектлари жиддий зарар кўрган.

Вайронагарчиликлар кўлами ва АҚШ томонидан бошланган денгиз қамалининг оғир таъсирига қарамай, Эрон расмийлари Вашингтон билан музокараларда, жумладан, уранни бойитиш масаласида жиддий ён беришлар қилиш ниятида эмасликларини билдирмоқда.

Консерваторлар устунлик қиладиган парламентнинг Миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат қўмитаси вакили Иброҳим Ризоий ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ўтган ҳафта эълон қилинган икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш режимини узайтирмаслик кераклигини таъкидлади. Унинг фикрича, бу танаффус АҚШ ва Исроилга қурол-яроғ захираларини тўлдириш ва ҳужум позицияларини мустаҳкамлаш учун имконият беради.

«Улар ё Эроннинг ҳуқуқларини, жумладан, Ҳўрмуз бўғози устидан назоратимизни тан олишлари керак, ёки уруш давом этади», — деб ёзди у.

Стокголм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти (SIPRI) маълумотларига кўра, Эрон 2024 йилда ҳарбий харажатлар учун қарийб 8 миллиард доллар ажратган. Шу йилнинг октабр ойида Исроил билан бўлган ракета алмашинувидан сўнг, расмийлар ушбу бюджетни уч баробарга оширишга ваъда берган эди. Бироқ, мамлакат ҳукумати йиллар давомида маҳаллий бошқарувдаги хатолар, коррупция ва АҚШ санкциялари билан боғлиқ сурункали бюджет тақчиллиги муаммосига ҳам дуч келмоқда.

Интернетнинг ўчирилиши Эрон иқтисодиётига оғир зарба берди

90 миллиондан ортиқ эронликка нисбатан давлат томонидан жорий этилган интернетнинг деярли тўлиқ блокланиши еттинчи ҳафтадирки мамлакат иқтисодий муаммоларини янада чуқурлаштириб, фуқароларни оғир аҳволга солиб қўймоқда. Рақамли қамал туфайли иш ўринларининг оммавий қисқариши ва бизнес имкониятларининг йўқолиши ортидан ҳукумат бу масалада ўз ваколати йўқлигини айтиб, айбни Миллий хавфсизлик олий кенгашига юкламоқда.

Эрон Савдо-саноат палатаси комиссияси раҳбари Афшин Колаҳи давлат ва хусусий сектор раҳбарлари билан ўтказилган видеоконференцияда интернетнинг ўчирилиши кунига 80 миллион долларгача тўғридан-тўғри ва билвосита иқтисодий зарар келтираётганини маълум қилди.

«Биз ҳар куни тўртта Б1 кўпригига тенг маблағ йўқотяпмиз. Ҳар куни иккита ўрта қувватли электр станциясидан маҳрум бўляпмиз ва энг ачинарлиси, буни ўз қўлларимиз билан қиляпмиз», — деди у интернет блокланишининг баҳосини шу ой бошида АҚШ ва Исроил томонидан Теҳрон яқинидаги йирик кўприкнинг бомбаланишига қиёслаб.

Ахборот ва коммуникация технологиялари вазирлиги ушбу чиқиш видеосини ўз ижтимоий тармоқларига жойлаштирди. Январ ойида, аксилҳукумат намойишлари пайтида интернет 20 кунга ўчирилганида, вазирлик кўплаб онлайн бизнеслар интернетсиз уч ҳафтадан ортиқ яшай олмаслигини таъкидлаган эди.

Ҳозирда тармоқнинг тўлиқ тикланишидан дарак йўқ, шу сабабли вазирлик кўп босқичли интернет тизимини яратиш режасини илгари сурмоқда.

Бу ҳафта вазирлик бир неча бизнес вакиллари глобал интернетга кириш ҳуқуқини олиш учун рўйхатдан ўтганини эълон қилди. Аҳолининг қолган қисми эса чекланган маҳаллий интранет тармоғига боғланиб қолмоқда. Телекоммуникация компаниялари давлат томонидан «лойиқ» деб топилган танланган мижозларга «Internet Pro» деб номланган янги хизматни таклиф қилмоқда. Унинг нархи оддий пакетлардан қимматроқ бўлса-да, филтрлар камроқ экани айтилмоқда.

Ҳатто давлатга қарашли сайтларнинг шарҳлар бўлимида ҳам (эронликлар ўз фикрини билдириши мумкин бўлган кам сонли майдонлардан бири) асосий мавзу — интернет бўлиб қолмоқда. Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига (ИИМК) алоқадор бўлган «Fars» ахборот агентлиги сайтида асосий ҳэштеглар «интернет эркинлигини» талаб қилмоқда.

13 апрел куни хавфсизлик идоралари технологияларга ихтисослашган машҳур «Digiato» нашрига интернетсиз ўтган вақтни кўрсатувчи тескари саноқ соатини ўз сайтидан олиб ташлашни буюрди. Шу билан бирга, VPN хизматлари ва ташқи дунё билан боғланишнинг бошқа усулларини таклиф қилувчи «қора бозор» гуллаб-яшнашда давом этмоқда.

Теглар

Мавзуга оид