Пенсиядан кредит ушланса ҳам, фуқарога яшаш учун маблағ қолдириш мажбурий бўлади

Bugun 12:351 daqiqa

Пенсиядан кредит тўловлари ушлаб қолингандан кейин фуқаролар қўлида жуда кам маблағ қолиши муаммоси сабаб янги чеклов жорий этилмоқда.

Пенсиядан кредит ушланса ҳам, фуқарога яшаш учун маблағ қолдириш мажбурий бўлади © uznews

Энди пенсиядан кредит ушлаб қолинган тақдирда ҳам фуқаронинг ихтиёрида қоладиган пул миқдори энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлишига йўл қўйилмайди. Бу ҳақда Олий Мажлис ахборот хизмати хабар берди.

Сўнгги вақтларда айрим ҳолатларда кредит қарздорлиги сабаб пенсия тўловларининг деярли тўлиқ ушлаб қолиниши кузатилган. Бу эса кекса фуқароларнинг кундалик эҳтиёжларини қондиришда жиддий қийинчиликларга олиб келган.

Парламентда пенсияга оид хизматларни кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Унга кўра, қарздорлик мавжуд бўлса ҳам, фуқаронинг қўлида яшаш учун зарур минимал маблағ қолдирилиши шарт бўлади. Шу тариқа, пенсияни тўлиқ кредит ҳисобига ечиб олиш амалиёти чекланади.

Қонун лойиҳаси парламентда кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қабул қилинган ва Сенатга юборилган.

Маълумот учун:

— меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори — ойига 1 271 000 сўм;

— базавий ҳисоблаш миқдори — 412 000 сўм;

— пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 471 000 сўмни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ижтимоий нафақа ва ёрдам пуллари, шу жумладан ижтимоий карталарга келиб тушадиган маблағлардан кредит қарздорлигини ундириш тақиқланганлиги ҳақида хабар берилган эди. Бу ҳақда Марказий банкнинг «Банк хизматлари истеъмолчилари билан муносабатларни амалга оширишда тижорат банклари фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарорида келтириб ўтилган.

Teglar

Mavzuga oid