«Тошкент тўй оши» патентланди
Асрлар давомида шаклланган палов анъанаси расмий мақом олди: «Тошкент тўй оши» географик кўрсаткич сифатида тан олинди.
© Всё о ПловеТошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига хос бўлган, ўзбек пазандачилик санъатининг дурдонаси ҳисобланган «Тошкент тўй оши» географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Тарих ва технология
Тарихий ва этнографик манбаларга кўра, Тошкент воҳасида палов тайёрлаш маданияти асрлар давомида шаклланган. Тўй оши – бу шунчаки таом эмас, балки кимё, физика ва биология қонуниятлари мужассам бўлган мураккаб жараён бўлиб, асосан тонг саҳарда яримсфера шаклидаги қалин деворли чўян қозонларда пиширилади.
Ҳуқуқий ҳимоя ва сифат
Мазкур мақом «Тошкент тўй оши» номи ва анъанавий тайёрлаш технологиясини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилади ҳамда маҳсулот сифатининг давлат меъёрларига мувофиқлигини кафолатлайди.
«Тошкент тўй оши» – аждодлар мероси, миллий қадриятлар ва халқ руҳининг ёрқин ифодаси бўлиб, бугун гастрономик туризмни ривожлантириш ҳамда миллий брендни халқаро миқёсда тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда», – дейилади хабарда.
Маълумот учун, географик кўрсаткич – маҳсулотнинг муайян ҳудудга мансублигини ва унинг ўзига хос хусусиятлари айнан шу ҳудуд билан боғлиқлигини тасдиқловчи интеллектуал мулк объектидир.
Қайд этиш жоиз, бунгача «Ғиждувон шашлик», «Ғузор тандир гўшти», «Самарқанд нони», «Хоразм тухумбараги», «Андижон дўпписи», «Сўқоқ сомсаси», «Самарқанд нўхат шўраги», «Самарқанд қоғози», «Зомин қозон патири», Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудига хос бўлган «Балиқ қарма» миллий таоми ва Бухоро «Софи оши» ҳам географик кўрсаткич сифатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилганди.





