Тошкентдаги уйлар нархига таъсир қилувчи омиллар, футбол ишқибозлари учун 5000 долларлик «чек» ва Паркентга борадиган темир йўл — 13-апрел дайжести

Kecha 23:103 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Тошкентдаги уйлар нархига таъсир қилувчи омиллар, футбол ишқибозлари учун 5000 долларлик «чек» ва Паркентга борадиган темир йўл — 13-апрел дайжести

ЖЧ-2026: Ўзбекистонлик футбол мухлисига сафар қанчага тушади?

2026 йилги Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоасини стадиондан туриб қўллаб-қувватлаш учун мухлислар бир қатор харажатларни амалга оширишига тўғри келади. Маълумотларга кўра, гуруҳ босқичи ўйинлари учун чипталар расмий равишда 60 доллардан бошланади, аммо талаб юқори бўлгани сабабли қайта сотув бозорида нархлар 297 доллардан 600 долларгача ва ундан юқорига чиқиши мумкин. Меҳмондўстлик пакетлари эса 1 400 доллардан бошланиб, 6 750–8 275 долларгача етади.

Сафар харажатлари таркибига виза (435 доллар), авиачипталар (ўртача 2 600 доллар), шаҳарлар ўртасидаги парвозлар ва меҳмонхона харажатлари ҳам киради. Умумий ҳисобда, учта ўйинни жойида томоша қилиш учун чипталар тахминан 1 300 долларга тушиши мумкин, барча асосий харажатлар қўшилганда эса бир мухлис учун сафар ўртача 4,5–5 минг доллар атрофида баҳоланмоқда.

Байтқўрғон – Паркент электрлаштирилган темир йўли қуриб битказилди

Байтқўрғон-Паркент электрлаштирилган темир йўли тармоғининг қурилиш ишлари якунланди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Тошкент вилоятининг Паркент туманида узунлиги 23,8 км бўлган мазкур бир излик темир йўл линиясининг қурилиши 2025-йил бошида бошланган эди.

Лойиҳа доирасида кўприклар, туннел ва инфратузилма объектлари барпо этилди. Темир йўлда кунига 275 минг нафаргача йўловчи ташиш мумкин.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2025 йилнинг энг ёпиқ давлат органи бўлди

2025 йил учун давлат органлари очиқлик индекси натижаларига кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Андижон вилояти ҳокимлиги энг паст кўрсаткичларни қайд этиб, «қизил» тоифага киритилди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълумотига кўра, жами 97 та давлат органи 84 та мезон ва саккизта индикатор асосида баҳоланган.

Якуний натижаларга кўра, 66 та ташкилот «яшил», 22 таси «сариқ», 9 таси «қизил» тоифага киритилган бўлиб, 2022 йилга нисбатан ижобий динамика кузатилган. Энг юқори кўрсаткичлар «Навоий кон-металлургия комбинати», «Ўзбекгидроэнерго», «Ўзавтосаноат», «Олмалиқ кон-металлургия комбинати», шунингдек Рақамли технологиялар ва Адлия вазирликлари томонидан қайд этилган, паст натижалар қаторида эса «Ўзбекистон темир йўллари» ва «Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш агентлиги» ҳам бор.

Уй-жой бозори таҳлили: Тошкентдаги энг қиммат уйлар қайси ҳудудларда жойлашган?

2025 йилда Тошкент шаҳрида уй-жой нархлари ҳудудлар кесимида фарқланган бўлиб, энг юқори кўрсаткич Миробод туманида қайд этилди — бу ерда нархлар Олмазорга нисбатан ўртача 23,7 фоизга юқори. Энг паст нархлар эса Бектемир туманида кузатилиб, бозор ўртачасидан 24,4 фоизга арзон бўлган. Юнусобод туманида ҳам талаб ошиб, 2025 йилга келиб нархлар Олмазорга нисбатан 10 фоизгача фарқ қилган. Нархларга жойлашув, инфратузилма ва янги қурилишлар улуши таъсир кўрсатган.

Уй-жой қийматига қурилиш тури, таъмир ҳолати ва майдон ҳам таъсир қилмоқда: ғишт уйлар панель уйларга нисбатан 3–6 фоизга, янги таъмирланган хонадонлар 7–8 фоизга қиммат баҳоланган. 2025 йилда бирламчи бозор уйлари иккиламчига нисбатан ўртача 3 фоизга қимматлашган. Республика бўйича долларда нархлар ошган бўлса, сўмда турлича динамика кузатилган, ижара нархлари 8,3 фоизга ўсган. Шу билан бирга, Тошкентда ер участкалари нархи 9,4 фоизга пасайиб, бу чекка ҳудудларда таклиф ошгани билан изоҳланган.

Ислом цивилизацияси маркази Гиннесс рекордлар китобига киритилди

Бугун, 13-апрел куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази «Дунёдаги энг йирик Ислом цивилизацияси музейи» сифатида расман эътироф этилиб, Гиннесс рекордлар китобига киритилди.

Марказ Тошкентнинг машҳур Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудидаги 10 гектар майдонда барпо этилган. Бино уч қаватдан иборат бўлиб, узунлиги 161 метр, эни 118 метрни ташкил этади. Гумбазининг баландлиги 65 метр, умумий фойдаланиш ҳудуди эса 42 минг квадрат метрдан зиёд. Бу каби ноёб кўрсаткичлар уни «Гиннесснинг рекордлар китоби»га киритиш учун ҳам асос бўлган.

Тантанали тақдирлаш маросими «Guinness World Records» расмий вакили ва ҳаками — Шейда Субаши иштирок этиб, Марказ барча халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беришини тасдиқлади.

Teglar

Mavzuga oid