Ўзбекистон ва Афғонистон тадбиркорлари 300 млн долларлик шартномалар тузди
Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида Андижон савдо уйи очилди. Маҳаллий тадбиркорлар иштирокида бизнес форум ҳам ташкил этилди.
© Андижон вилоят ҳокимлигиАндижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов бошчилигида 110 нафар тадбиркордан иборат делегация Афғонистонга боргани хабар қилинганди. Уларнинг Ҳирот шаҳрига амалий ташрифи доирасида маҳаллий тадбиркорлар иштирокида бизнес форум ташкил этилди. Бу ҳақда Андижон вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Форум давомида тадбиркорлар томонидан кўтарилган қатор муҳим масалалар, жумладан, виза тартибини енгиллаштириш, ўзаро ҳисоб-китоб механизмларини такомиллаштириш, дори-дармон айирбошлаш жараёнларини соддалаштириш, қишлоқ хўжалиги ҳамда цемент маҳсулотлари логистикасини кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Форум якунида икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор шартномалар имзоланди. Натижада умумий қиймати 300 миллион АҚШ долларига тенг бўлган келишувларга эришилди.
Ҳиротда Андижон савдо уйи
Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов тантанали очилиш жараёнларидан видеолавҳа улашди.
Очилиш маросимида Ҳирот вилояти ҳокими Нур Аҳмад Исломжар иштирок этиб, у ўз нутқида бундай ҳамкорлик майдонлари тадбиркорлар учун кенг имкониятлар эшигини очишини таъкидлади.
10 ҳил йўналишда, 200 дан ортиқ маҳсулот турлари билан Андижон савдо уйи нафақат маҳсулотлар намойиши, балки янги шерикликлар ва инвестициявий лойиҳалар учун ҳам самарали платформа бўлиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2026-йил 4-апрел куни Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Қобул шаҳрида Афғонистон расмийлари билан қатор музокаралар ўтказганди. Икки кундан кейин эса Кобул шаҳрида «Афғонистон — Марказий Осиё маслаҳатлашув мулоқоти» ўтказилди. Ушбу учрашув 2021-йилдан бери биринчи марта Афғонистон ҳудудида ташкил этилган. Бунгача Марказий Осиё давлатлари «Толибон» вакиллари билан Остона, Тошкент ва бошқа шаҳарларда учрашган.





