Ислом цивилизацияси маркази Гиннесс рекордлар китобига киритилди

Bugun 20:162 daqiqa

10 гектар майдонни эгаллаган ва 65 метрлик муаззам гумбазга эга ушбу марказ «Дунёдаги энг йирик Ислом цивилизацияси музейи» сифатида тан олинди.

Ислом цивилизацияси маркази Гиннесс рекордлар китобига киритилди

Бугун, 13-апрел куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази «Дунёдаги энг йирик Ислом цивилизацияси музейи» сифатида расман эътироф этилиб, Гиннесс рекордлар китобига киритилди.

Марказ Тошкентнинг машҳур Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудидаги 10 гектар майдонда барпо этилган. Бино уч қаватдан иборат бўлиб, узунлиги 161 метр, эни 118 метрни ташкил этади. Гумбазининг баландлиги 65 метр, умумий фойдаланиш ҳудуди эса 42 минг квадрат метрдан зиёд. Бу каби ноёб кўрсаткичлар уни «Гиннесснинг рекордлар китоби»га киритиш учун ҳам асос бўлган.

Тантанали тақдирлаш маросими «Guinness World Records» расмий вакили ва ҳаками — Шейда Субаши иштирок этиб, Марказ барча халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беришини тасдиқлади.

Тадбирда, шунингдек, лойиҳани амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшган меъморлар, олимлар, дизайнерлар ва қурувчилар иштирок этди. Мукофот Марказ Илмий кенгаши аъзоларига топширилди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида

Маълумот учун, марказ биноси Президент Шавкат Мирзиёевнинг меъморий ғоя ва таклифлари асосида лойиҳалаштирилган. У 2026-йил 17-март куни очилган эди.

Марказ қадимий ва миллий меъморчилик анъаналари асосида қурилган бўлиб, унга тўрт томондан – тўрт асосий портал орқали кириш мумкин. Ушбу порталлар ва бинонинг ташқи равоқлари илм-маърифат, бағрикенглик, инсонийлик ва ота-онага ҳурмат мазмунидаги Қуръон оятлари ҳамда ҳадислар билан безатилган. Қуйи қаватда болалар учун махсус платформа, реставрация ҳамда электрон нусха олиш лабораторияси, музей экспонатлари ва нодир қўлёзмаларни сақлаш фондлари, замонавий кафетерий ва музей вестибюллари жойлашган.

Биринчи қаватдан қарийб 8 минг 350 квадрат метрлик кўргазма залига эга музей ва 550 ўринли анжуманлар зали ўрин олган. Иккинчи қаватда эса қўлёзма ва тошбосма манбалар, босма ва электрон адабиётлар фондига эга кутубхона, ўқув заллари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва илмий муассасалар учун шароит яратилган.

Teglar

Mavzuga oid