Пенсиядан кредит ундиришдаги чекловлар, Афғонистон билан $300 млнлик шартнома ва «Chevrolet» улушининг пасайиши — 15-апрел дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистон ва Афғонистон тадбиркорлари 300 млн долларлик шартномалар тузди
Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида Андижон савдо уйи очилиб, Ўзбекистон ва Афғонистон тадбиркорлари иштирокида бизнес форум ўтказилди. Унда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ва Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов бошчилигидаги 110 нафар тадбиркор қатнашди. Форумда виза тартибини енгиллаштириш, ҳисоб-китоб механизмларини такомиллаштириш, дори-дармон айирбошлаш ва қишлоқ хўжалиги ҳамда цемент маҳсулотлари логистикасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир якунида икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида умумий қиймати 300 млн долларлик шартномалар имзоланди. Ҳиротда очилган Андижон савдо уйи 10 йўналишда 200 дан ортиқ маҳсулотни қамраб олиб, маҳсулот намойиши билан бирга янги шериклик ва инвестиция лойиҳалари учун платформа бўлиши кутилмоқда.
Пенсиядан кредит ушланса ҳам, фуқарога яшаш учун маблағ қолдириш мажбурий бўлади
Ўзбекистонда пенсиядан кредит тўловлари ушлаб қолинганда ҳам фуқаролар қўлида яшаш учун зарур минимал маблағ қолдирилиши мажбурий этиб белгиланмоқда. Бу талаб пенсия тўловлари деярли тўлиқ ушлаб қолиниб, кекса фуқароларнинг кундалик эҳтиёжлари қондирилмай қолаётган ҳолатлар ортиши фонида жорий этилмоқда.
Парламентда кўриб чиқилган қонун лойиҳасига кўра, қарздорлик мавжуд бўлса ҳам пенсиядан тўлиқ ундириш амалиёти чекланади. Ҳужжат депутатлар томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилган. Шу билан бирга, аввал ижтимоий нафақалар ва ижтимоий карталарга тушадиган маблағлардан кредит қарздорлигини ундириш тақиқлангани ҳам эслатиб ўтилган.
Қонунчиликни бузган 6 та қурилиш компанияси жазоланди
Ўзбекистонда қурилиш компаниялари томонидан қонунга зид реклама ҳолатлари аниқланиб, 6 та компания жазоланди. Рақобат қўмитаси ўрганишларига кўра, “Humo Avenue”, “Stroy Dom Siyob”, “Aziya Makon City”, “Aziza Credo Max”, “Shohsaroy Enter Group” ва “Qorasuv Avenue” қурилиш объектларини махсус электрон рўйхатга киритмасдан туриб реклама қилган.
Амалдаги тартибга кўра, рухсатномасиз объектларни реклама қилиш тақиқланган бўлиб, ушбу компаниялар қонунбузар деб топилди ва уларга молиявий жарималар қўлланилди. Шунингдек, қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида такрорланмаслиги бўйича кўрсатмалар берилди.
Ўзбекистон автомобил бозорида «Chevrolet» улуши камаймоқда
2026 йил биринчи чорагида Ўзбекистон автомобил бозорида 91 088 та автомобил сотилиб, ўтган йилга нисбатан 21 фоизлик ўсиш қайд этилди. «UzAuto Motors» 45 881 та автомобиль сотиб, бозор етакчилигини сақлаб қолди, бироқ «BYD Uzbekistan», «ADM Jizzakh» ва «Khorezm Auto» каби рақобатчилар тезроқ ўсишни намоён этди. Хусусан, «BYD Uzbekistan» сотувларини қарийб икки баробарга оширди.
Брендлар кесимида «Chevrolet» етакчи бўлиб қолмоқда, аммо унинг бозор улуши 82,6 фоиздан 79,3 фоизгача тушди. Шу билан бирга, «Chevrolet Cobalt» етакчи модел бўлса-да, унинг сотуви 17 фоизга камайди. «Kia Sonet», «BYD Song Plus» ва «Yuan Up» моделлари эса тез ўсиб, айниқса электр автомобилларга талаб ошганини кўрсатди.
Креатив иқтисодиётнинг Ўзбекистон ЯИМдаги улуши 5 фоизга етказилади
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар креатив иқтисодиётнинг ЯИМдаги улушини 5 фоизга етказиш мақсад қилинмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевга кўра, бу вазифага хизмат қилиш учун Креатив индустрия парки ташкил этилмоқда. Креатив иқтисодиётни ривожлантириш маданият ва санъат соҳасини қўллаб-қувватлаш, ижодий индустрияни кенгайтириш ва санъат маҳсулотлари экспортини ошириш билан боғлиқ.
Сўнгги йилларда соҳада қатор ишлар амалга оширилиб, янги театрлар, маданият марказлари, музейлар ва санъат мактаблари ташкил этилди, тарихий объектлар тикланди. Шунингдек, ходимлар маоши ўртача 35 фоизга оширилди ва ижодкорлар учун турли мукофотлар жорий этилди. Жорий йилда ҳам бир қатор маданий объектларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари давом эттирилиши режалаштирилган.





