ХВЖ Ўзбекистонга бюджет харажатларни оширмаслик бўйича яна огоҳлантирди
Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиш прогнози яхшиланганини, бироқ инфляция бўйича кутилмалар ёмонлашганини маълум қилди.
© Yuri Gripas / ReutersХалқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича янги прогнозини эълон қилди. Унга кўра, 2025 йилда мамлакат иқтисодиёти «таъсирчан барқарорлик» намоён этган. Истеъмол ва инвестициялар юқори суръатларда ўсгани натижасида реал ЯИМ 7,7 фоизга ошди. Ишсизлик даражаси эса 5,5 фоиздан 4,8 фоизгача пасайди.
Ўсиш кенг қамровли бўлиб, энг юқори суръатлар хизматлар соҳаси ва қурилиш тармоғида кузатилди. Шу билан бирга, 2025 йил якунига келиб инфляция 7,3 фоизгача тушди. Бу 2024 йилдаги 9,8 фоиз кўрсаткичдан анча паст. Бу ҳолат энергия нархлари ошишининг таъсири камайиши, сўмнинг долларга нисбатан 6,9 фоизга мустаҳкамланиши ва қатъий пул-кредит сиёсати билан изоҳланади.
Жорий операциялар ҳисобварағи тақчиллиги ЯИМга нисбатан 3,9 фоизгача қисқарди. Экспорт ҳажмлари ва пул ўтказмалари импортдан юқори бўлди. Халқаро захиралар 13 ойлик импортни қоплаш даражасида сақланмоқда. Давлат бюджети тақчиллиги эса 2,1 фоизгача тушиб, белгиланган 3 фоиз мақсаддан паст бўлди.
Иқтисодий ўсиш прогнози
ХВЖ прогнозига кўра, 2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиши 6,8 фоизни ташкил этади. Бу аввалги 6,2 фоиз прогноздан юқори. 2027 йилда эса ўсиш суръатлари 6 фоиз атрофида барқарорлашиши кутилмоқда. Бу жараён инвестициялар, пул ўтказмалари ва олтин нархлари таъсирида давом этади.
Инфляция прогнози
Шу билан бирга, инфляция 2026 йилда 6,8 фоиз даражасида сақланиб қолади ва Марказий банкнинг 5 фоизлик мақсадидан юқори бўлади. Бу асосан нефт нархларининг юқори бўлиши билан боғлиқ. Бироқ унинг таъсири тарифларни секинроқ ошириш ва транспорт соҳасига вақтинчалик субсидиялар орқали юмшатилиши кутилмоқда.
ХВЖ қайд этишича, инфляция 2027 йилда 5 фоизлик мақсадга етади. Бунда қатъий пул-кредит сиёсати, ислоҳотлар давоми ва нефт нархларининг пасайиши муҳим омил бўлади.
Хавфлар
Жамғарма глобал ноаниқликлар сақланиб қолаётганини таъкидлади. Хусусан, Яқин Шарқдаги урушнинг давомийлиги ва шиддати муҳим омил бўлиб қолмоқда. Бевосита таъсир чекланган бўлиши мумкин, аммо билвосита таъсирлар глобал иқтисодиёт орқали кучайиши эҳтимоли бор.
Ташқи хавфлар геосиёсий кескинлик, савдо узилишлари ва хомашё нархларининг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ. Ички хавфлар эса давлат харажатлари орқали талабни сунъий рағбатлантириш, имтиёзли кредитлар ва давлат корхоналари билан боғлиқ молиявий таваккалчиликларни ўз ичига олади.
Тавсиялар
ХЖВ ҳукуматга кенг қамровли субсидиялардан воз кечишни тавсия қилди. Бундай чоралар катта харажат талаб қилиши, бозорда номутаносибликлар келтириб чиқариши ва кейинчалик бекор қилиниши қийин бўлиши мумкин. Шунинг учун қўллаб-қувватлаш чоралари фақат вақтинчалик ва аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига қаратилган бўлиши лозим.
Шу билан бирга, жамғарма бюджет харажатлари самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотларни давом эттиришни таклиф қилди. Жумладан, давлат секторида иш ҳақи фондини оптималлаштириш, давлат корхоналарини қўллаб-қувватлашни босқичма-босқич қисқартириш, давлат харидлари тизимини ислоҳ қилиш ва ижтимоий ёрдам дастурларини бирлаштириш зарур.
2027 йилдан бошлаб ХВЖ янги бюджет кўрсаткичини жорий этишни ҳам таклиф қилди. Унга кўра, умумий дефицит лимитига қўшимча равишда минерал ресурслардан тушумларсиз ҳисобланган биринчи даражали дефицит учун алоҳида чегара белгиланиши керак.





