«Мен ўз миссиямни бажардим»: Қамчибек Ташиев яна бир лавозимдан кетди

Kecha 21:352 daqiqa

10 феврал куни у МХДҚ раҳбарлигидан кетганди, Садир Жапаров дўстининг бошқа ҳеч қачон давлат хизматига қайтмаслигини маълум қилган.

«Мен ўз миссиямни бажардим»: Қамчибек Ташиев яна бир лавозимдан кетди

Қирғизистон Милли хавфсизлик хизмати собиқ раҳбари Камчибек Ташиев футбол иттифоқи раҳбари лавозимидан кетишини маълум қилди. Бу ҳақда Nur.kz хабар берди.

Қайд этилишича, у ўз миссиясини бажарганини айтган.

«Мен футболга муваффақиятлар тиламоқчиман. Қирғизистондаги футбол — бу бизнес сифатида қараладиган соҳа эмас. Мен ўз миссиямни бажардим. Ўйлайманки, охирги марта олдингизда раис сифатида чиқиш қиляпман. Энди бу ерга футболни чиндан севадиган одам келиши керак», — деди у.

Қамчибек Ташиев бу лавозимни икки йилдан ортиқ вақт давомида эгаллаб келган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасидан кетиш

Қамчибек Ташиев 10 феврал куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари вазифасидан озод этилди. Шунингдек, унинг уч нафар ўринбосари — Курванбек Авазов, Даниэл Рисалиев ва Элизар Сманов ҳам ишдан олинди. Махсус хизмат раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб Жумгалбек Шабданбеков тайинланди.

Президент Садир Жапаров воқеалар фонида берган интервюсида Ташиев тайинлаган вазирлар ва унинг яқинларини ишдан бўшатиш бошлагани, баъзилари эса ўз хоҳишига кўра кетаётгани ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берди.

«Ҳаммага хотиржам ишлашни айтдим. Ўз хоҳиши билан кетаётганлар — марҳамат. Барча вазирликларни ўғрилик факти бўйича текширяпмиз, топилса, жазога тортилади. Мен ҳар доим вазирларни қариндошлар ва дўстларни ишга олманг, деб огоҳлантирганман. Яқинларимдан ҳеч бири юқори давлат лавозимини эгалламаган», – деди у.

Жапаров давлат бошқаруви куч билан эмас, ақл билан амалга оширилиши лозимлигини таъкидлади. Унинг фикрича, мамлакатда давлат тузилмалари фаолияти шахсан назорат қилинади ва юзага келаётган муаммоларга тезкор чора кўрилмоқда. Президент барча ислоҳотлар қонун доирасида амалга оширилишини қўшимча қилди. Унинг айтишича, вазиятни беқарорлаштиришга уринишлар асоссиз бўлиб, мамлакатда барқарорлик сақланмоқда.

Жапаров Ташиев лавозимдан кетганидан сўнг, у билан шахсан учрашган

«Биз дўст бўлиб қоламиз. Аммо у давлат хизматига қайтмайди. У дам олиши ва соғлиғини тиклаши керак. Атрофини тозаласин, «оқсоқоллар ва кўксоқоллар»дан халос бўлсин.

Тергов хизматлари ҳаммасини аниқлаб, тозалаб беради. Албатта, ҳозир у раҳмат демайди, хафа бўлади. Аммо йиллар ўтиб, «Дўстим, ўшанда тўғри қилган экансан», деб миннатдорлик билдиради», — деди президент.

Шу билан бирга, у бу қарор ҳеч қандай ташқи босим ёки келишувлар билан боғлиқ эмаслигини таъкидлади.

Teglar

Mavzuga oid