Ўзбекистонда пул жамғармайдиганлар улуши ортмоқда

Bugun 09:302 daqiqa

2025 йилнинг сўнгги чорагида пул жамғармайдиганлар улуши 2,4 фоизга ошган, шу билан бирга 7–10 млн сўм даромадли аҳоли орасида кредитга юқори эҳтиёж сақланиб қолмоқда.

Ўзбекистонда пул жамғармайдиганлар улуши ортмоқда © Илья Семендеев / Spot

Марказий банкнинг 2025 йил IV чораги учун ўтказган сўровнома натижаларига кўра, фуқароларнинг 40,4 фоизи умуман жамғармага эга эмаслигини билдирган. Бу кўрсаткич III чоракда 38 фоизни ташкил этган бўлиб, уч ой ичида 2,4 фоизга ўсган.

Пул жамғариш муддатлари

Сўровномада аҳолининг жамғарма тўплаш муддатлари ҳам таҳлил қилинган. Қатнашчиларнинг 34,1 фоизи фақат бир ойгача етарли бўлган қисқа муддатли жамғармага эга эканини айтган. Шу билан бирга, 3–6 ойлик захирага эга бўлганлар улуши бироз ошгани кузатилган.

Бироқ бошқа тоифаларда камайиш қайд этилган. Хусусан, 1–3 ойлик ва 6 ойдан ортиқ муддатга етарли жамғармага эга бўлганлар улуши ўтган чоракка нисбатан пасайган. Бу ҳолат аҳолининг узоқ муддатли молиявий барқарорлиги сусайиб бораётганини англатиши мумкин.

Шунга қарамай, фуқароларнинг аксарияти келажакка нисбатан ижобий қарашни сақлаб қолмоқда. Сўров иштирокчиларининг 62,6 фоизи ўз жамғармалари келгусида кўпайишига ишонч билдирган. Яна 24,2 фоиз респондент маблағлар ўзгаришсиз қолишини тахмин қилган, 13,2 фоиз эса камайишини кутмоқда.

Кредитга бўлган эҳтиёж

Қатнашчиларнинг 54 фоизи келаси 12 ой ичида банкдан қарз олиш ниятида эканини билдирган. Бу кўрсаткич олдинги чоракка нисбатан бироз юқори экани қайд этилган.

Таҳлилга кўра, кредитга энг юқори талаб ойлик даромади 7–10 млн сўм бўлган аҳоли қатламида кузатилади. Аксинча, ойлик даромади 20 млн сўмдан юқори бўлганлар орасида кредитга бўлган қизиқиш пасайиш тенденциясини кўрсатмоқда.

Фуқаролар оладиган кредитларнинг асосий қисми уй-жой таъмири, таълим харажатлари ва автомобил сотиб олишга йўналтирилиши режалаштирилган.

Teglar

Mavzuga oid