Хорижга саёҳат: ўзбекистонликлар орасида Таиландга қизиқиш кучаймоқда

Bugun 09:371 daqiqa

Йил бошидан бери 1 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик чет элга сафар қилди, Таиланд каби узоқ йўналишларга қизиқиш ҳам ошмоқда.

Хорижга саёҳат: ўзбекистонликлар орасида Таиландга қизиқиш кучаймоқда © Thailand-travel-guide

2026-йилнинг январ-феврал ойларида жами 10 946 нафар Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадларда Таиландга сафар қилган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.

Таиланга борган ўзбекистонликларнинг сафар мақсадлари бўйича тақсимланиши қуйидагича:

саёҳат – 10 222 нафар;

қариндошларни йўқлаш – 708 нафар;

ўқиш – 13 нафар;

хизмат юзасидан – 3 нафар.

1 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик хорижга сафар қилган

Январ-феврал ойларида 1 081 612 нафар Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадларда чет элга сафар қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда қарийб 49,3 минг нафарга кўпдир.

Ўзбекистонликлар сафар учун энг кўп қўшни давлатларни афзал кўришмоқда. Қирғиз Республикаси 426 421 нафар сайёҳ билан рўйхатда мутлақ етакчи. Иккинчи ва учинчи ўринларни тегишлича Тожикистон (179 390 нафар) ҳамда Қозоғистон (166 017 нафар) эгаллади. Шунингдек, Саудия Арабистонига сафар қилганлар сони 115 350 нафарни ташкил этиб, кучли тўртликка кирди.

Рўйхатнинг давомида Россия (62 054), Туркия (34 634) ва Бирлашган Араб Амирликлари (26 449) каби давлатларни кўриш мумкин. Шунингдек, экзотик ва узоқ масофали йўналишларга ҳам қизиқиш ортиб бормоқда, масалан, Таиландга 10 946 нафар, Хитойга 8 890 нафар, Мисрга 8 872 нафар ўзбекистонлик саёҳат қилган.

Бу рақамлар ўзбекистонликлар нафақат қўшни давлатлар, балки жаҳоннинг энг йирик туристик марказларига ҳам фаол чиқаётганини тасдиқлайди.

Teglar

Mavzuga oid