Исломобод музокаралари. Эрон Ҳўрмуз бўғозидаги блокадани сақлаб қолади

Bugun 10:492 daqiqa

Музокараларнинг барбод бўлиши нефт ва газ бозорларида кескин ўзгаришларга олиб келиши мумкин.

Исломобод музокаралари. Эрон Ҳўрмуз бўғозидаги блокадани сақлаб қолади © Reuters

АҚШ ва Эрон ўртасида Покистонда 20 соатдан ортиқ давом этган музокаралар натижасиз якунланди. АҚШ делегациясига раҳбарлик қилган вице-президент Жеймс Дэвид Вэнс Теҳрон Вашингтон талабларини, жумладан ядровий қурол ишлаб чиқмаслик мажбуриятини қабул қилмаганини билдирди, деб хабар қилади «Bloomberg».

Эрон эса АҚШ талабларини «ортиқча» деб баҳолади. «Tasnim» ахборот агентлиги маълумотига кўра, Вашингтон уруш давомида эришолмаган имтиёзларни, жумладан Ҳўрмуз бўғози ва ядровий материаллар масаласини музокараларда талаб қилган. «Fars» ахборот агентлиги эса манбасига таяниб, Эрон АҚШдан мақбул таклиф олмагунча бўғоз орқали ҳаракатни чеклашни давом эттиришини хабар қилди.

Трамп: Эрон билан музокаралар натижаси муҳим эмас, АҚШ ғалаба қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп 11-апрел куни журналистлар билан мулоқотда Вашингтон ва Теҳрон ўртасида Исломободда ўтаётган музокаралар натижаси у учун муҳим эмаслигини билдирди.

«Мен учун келишув бўладими-йўқми фарқи йўқ. Сабаби – биз ғалаба қилдик», –деди у.

Трампнинг таъкидлашича, АҚШ ҳар қандай ҳолатда ҳам ютқазмайди ва «ҳарбий жиҳатдан ғалаба қозонган».

«Бизнинг у ерда минатозалаш кемаларимиз бор», – деди Трамп, CENTCOM маълумотларига ишора қилиб.

Унинг айтишича, 11-апрел куни икки америкалик эсминец Ҳўрмуз бўғози орқали ўтган ва АҚШ бўғозни миналардан тозалаш ишларини олиб бормоқда.

Трамп, шунингдек, агар керак бўлса, АҚШ бу бўғозни очиб беришини, ҳатто ўзи фойдаланмаса ҳам, бошқа давлатлар учун бу муҳимлигини таъкидлади. У яна НАТО иттифоқчиларига нисбатан норозилик билдириб, «НАТО бизга ёрдам бермади», деди.

Айни пайтда «Tasnim», «Fars» ва IRNA маълумотига кўра, Исломободдаги музокаралар 12-апрел куни давом эттирилади. Давом этишдан олдин томонлар керакли материаллар билан алмашиши кутилмоқда.

Ҳўрмуз бўғози

Дунёдаги энергия таъминотининг тахминан 20 фоизи ўтадиган Ҳўрмуз бўғози уруш бошланган 28-февралдан кейин деярли тўсиб қўйилган эди, бу эса нефт ва газ нархларининг кескин ошишига сабаб бўлди. Музокаралар муваффақиятсиз тугагани хомашё бозорларида янги кескин ўзгаришларга олиб келиши мумкин.

11-апрел куни бўғоз орқали учта супертанкер (биттаси Грецияники, иккитаси Хитойники) ўтди. Уларнинг умумий юк сиғими тахминан 6 млн баррелни ташкил этди, бу сўнгги олти ҳафтадаги энг йирик ҳажм ҳисобланади.

Шу билан бирга, март ойида Эрон кунига тахминан 1,7 млн баррел нефт экспорт қилганини ҳисобга олсак, умумий транзит урушдан олдинги даражанинг тахминан ярмига етган.

Барча танкерлар, эҳтимол, Теҳрон талаб қилаётган шимолий маршрут орқали ҳаракатланган. Бу йўл Эрон ҳудудий сувлари орқали ўтади ва анъанавий халқаро денгиз йўлларидан анча узоқда жойлашган.

Teglar

Mavzuga oid