«U 10 – Ўзбекистоннинг глобал илғор университетлари» дастури жорий этилади
2026 йилдан «U 10» дастури жорий қилиниб, 10 та олий таълим муассасасига миллий тадқиқот университети мақоми берилади.
© nuu.uzЎзбекистонда олий таълим тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган янги ташаббус амалга оширилади. Президентнинг 2026 йил 10 апрелдаги ПФ–58-сонли фармонига мувофиқ, «U 10 – Ўзбекистоннинг глобал илғор университетлари» дастури ишга туширилади.
Ушбу дастур доирасида мамлакатдаги энг салоҳиятли 10 та олий таълим ташкилоти танлаб олиниб, уларга миллий тадқиқот университети мақоми берилади. Бу мақом илмий салоҳиятни ошириш, халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаш ва инновацион фаолиятни кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Мазкур мақомни қўлга киритиш учун университетлар Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ташкил этиладиган илмий кластер лойиҳалари танловида иштирок этади. Танловда ғолиб бўлган 10 та олий таълим муассасаси мазкур мақомга эга бўлади.
Шу билан бирга, 2027 йил 1 январдан бошлаб олий таълим муассасаларини миллий рейтинг асосида молиявий рағбатлантириш тизими жорий этилади. Унга кўра, университетлар фаолияти самарадорлигига қараб турли тоифаларга ажратилади.
Рейтинг натижаларига мувофиқ, ҳар бир тоифадаги университетларнинг 20 фоизи биринчи даражага, қолган қисми эса иккинчи ва учинчи даражаларга тақсимланади. Бу тизим рақобатни кучайтириш ва таълим сифатини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, давлат гранти асосида таҳсил олаётган талабаларни ўқитиш харажатларини шакллантириш тартиби ҳам ўзгармоқда. Янги тизимда профессор-ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони, таълим йўналишининг мураккаблиги, моддий-техник база ҳамда соҳанинг устуворлиги каби мезонлар ҳисобга олинади.
Бу ўзгаришлар олий таълим муассасаларининг илмий-тадқиқотга йўналтирилганлигини кучайтириш ва замонавий кадрлар тайёрлаш сифатини оширишга қаратилган.





