Энди Трамп Ҳўрмуз бўғозини блокада қилди

Kecha 21:253 daqiqa

Унинг айтишича, АҚШ ҳарбий-денгиз кучларига Эронга ушбу йўл орқали ўтиш учун бож тўлаган кемаларни «қидириш ва ушлаб қолиш» топширилган.

Энди Трамп Ҳўрмуз бўғозини блокада қилди © Reuters

АҚШ «яқин вақт ичида» Ҳўрмуз бўғозини блокада қилишни бошлайди, деб ёзди Америка Қўшма Штатлари президенти Доналд Трамп бугун, 12-апрел куни «Truth Social» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Унинг сўзларига кўра, барча кемаларга ҳам Эрон ва бошқа Яқин Шарқ мамлакатлари томон, ҳам Араб денгизи томонбўғоз орқали ўтиш тақиқланади. Оқ уй раҳбари блокадага бошқа давлатлар ҳам қўшилишини таъкидлади.

Трамп бу қарорни АҚШ ва Эрон вакиллари ўртасида Покистонда бўлиб ўтган музокараларда Теҳроннинг ядровий дастури бўйича келишувга эришилмагани билан изоҳлади. Америка етакчиси, шунингдек, Эрон томонидан гўё бўғозни очиш ҳақида берилган ваъданинг бузилишини «жаҳон шантажи» деб атади ва бу ерда қолдирилган миналарни сабаб сифатида кўрсатди. Шу муносабат билан у 11-апрелдаги «сув йўлини миналардан тозалаш» ҳақидаги баёнотини яна бир бор такрорлади.

«Бизга ёки тинч кемаларга ўқ узган ҳар қандай эронлик бутунлай йўқ қилинади!» – деб қўшимча қилди у.

АҚШ президенти, шунингдек, мамлакат ҳарбий-денгиз кучларига «халқаро сувларда Эронга бўғоздан ўтиш учун бож тўлаган ҳар бир кемани қидириш ва тўхтатиш»ни топширганини билдирди.

«Ноқонуний бож тўлаган ҳеч ким очиқ денгизга хавфсиз чиқа олмайди», – деди Трамп.

Исломобод музокаралари

Исломободдаги музокаралар ядровий қурол ва бўғоз масаласи туфайли муваффақиятсиз якунланди. АҚШ вице-президенти Жеймс Дэвид Вэнс, Америка делегациясига раҳбарлик қилган ҳолда, узоқ давом этган музокаралар якунларига кўра:

«Ёмон хабар шуки, биз келишувга эриша олмадик. Ва менимча, бу Эрон учун АҚШга қараганда анча ёмон хабар», – деди.

Эрон ТИВ матбуот котиби Исмоил Бақоий эса томонлар «бир қатор масалалар бўйича ўзаро тушунишга эришганини», аммо «икки-учта муҳим масала» бўйича келиша олмаганини айтди.

Муаммоли масалалардан бири ядровий қуролдан ташқари Ҳўрмуз бўғози бўлди. Эрон музокаралар давомида бўғоз устидан назорат ва у орқали ўтувчи кемалардан бож ундириш ҳуқуқини талаб қилди. Мамлакат делегацияси, шунингдек, АҚШ таклиф қилган «қўшма назорат» вариантларини рад этди.

Бундан ташқари, Эрон давлат агентлиги «Fars» маълумотига кўра, Теҳрон Вашингтоннинг бу сув йўли ва бошқа масалалар бўйича талабларини «ҳаддан ташқари» ва «қабул қилиб бўлмайдиган» деб ҳисобламоқда. Мамлакат ҳукумати якуний келишувга эришилмагунча Ҳўрмуз бўғозини очишдан бош тортмоқда.

Ҳўрмуз бўғози

Ҳўрмуз бўғози дунёдаги энг муҳим энергетик йўлаклардан бири ҳисобланади. АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан кейин унинг де-факто ёпилиши таъминотда жиддий узилишлар ва нефт-газ нархларининг кескин ошишига олиб келди. Шу сабабли уни қайта очиш музокараларнинг асосий мавзуларидан бири бўлиб қолмоқда.

Музокаралар куни бўғоз орқали умумий ҳажми тахминан 6 млн баррел бўлган учта супертанкер ўтган – бу охирги олти ҳафтадаги энг катта кўрсаткич. Эрон экспортини ҳам ҳисобга олганда, 11-апрел куни умумий етказиб бериш ҳажми урушдан олдинги даражанинг тахминан ярмини ташкил этган.

Бироқ бу ижобий динамика узоққа чўзилмади: 12-апрел куни музокаралар барбод бўлгани ҳақидаги хабарлардан сўнг, бўғоздан чиқишга уринаётган икки нефт танкери охирги дақиқада орқага қайтган.

Teglar

Mavzuga oid