Logo

«Ушбу ташриф муҳим саҳифани очди» — Саида Мирзиёева Озарбойжон президентининг ташрифи ҳақида

Кеча 22:221 дақиқа

Президент Администрацияси раҳбари Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи якунлари ва имзоланган Абадий дўстлик шартномаси юзасидан ўз муносабатини билдирди.

«Ушбу ташриф муҳим саҳифани очди» — Саида Мирзиёева Озарбойжон президентининг ташрифи ҳақида © Saida Mirziyoyeva Telegram kanali

Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Озарбойжон Президенти Илҳом Алиевнинг мамлакатга амалга оширган давлат ташрифи якунлари юзасидан муносабат билдирди. Унинг таъкидлашича, мазкур ташриф икки давлатнинг кўп қиррали алоқалари тарихида муҳим саҳифа очган. Бу ҳақда у ўзининг расмий Telegram-каналида ёзиб қолдирди.

У олий мартабали меҳмонлар ва уларнинг оила аъзолари катта эҳтиром билан кутиб олинганини қайд этган. Мирзиёеванинг сўзларига кўра, икки мамлакатни ўзгача биродарлик ришталари боғлаб туради ва бу яқинлик нафақат расмий доираларда, балки халқларнинг бир-бирига бўлган меҳр-оқибатида ҳам доим сезилиб туради.

«Тарихимиз, маданиятимиз ва анъаналаримиздаги муштараклик бугун инфратузилмадан то инвестицияларгача — кўплаб соҳалардаги янги қўшма лойиҳалар кўринишида янада бойимоқда», — дея ёзди у.

Муносабатда ташриф доирасида имзоланган асосий ҳужжатнинг аҳамиятига алоҳида урғу берилган.

«Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома имзоланди ва назаримда, ушбу ҳужжатнинг номиёқ бугун Ўзбекистон ҳамда Озарбойжонни боғлаб турган ришталарнинг туб моҳиятини аниқ ифодалайди», — дея ёзди Президент Администрацияси раҳбари.

Саида Мирзиёева озарбойжонлик меҳмонларни Ўзбекистонда кўришдан ҳар доим хурсанд эканини билдириб, «Ҳамиша бағрини очиб сизни қарши оладиган диёримизга хуш келибсиз, азиз қардошлар!» дея таъкидлаган.

Теглар