Logo

УзБАТнинг тушуми 86 млрд сўмга, фойдаси эса 47 млрд сўмга қисқарди

Бугун 09:003 дақиқа

Ўзбекистондаги етакчи тамаки ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган УзБАТ 2026-йилнинг биринчи ярмида 1,78 трлн сўм тушум олди. Тушум қисқарганига қарамай, компания 676 млрд сўм соф фойда кўрди.

УзБАТнинг тушуми 86 млрд сўмга, фойдаси эса 47 млрд сўмга қисқарди © Google Map

Ўзбекистон-Британия қўшма корхонаси «УзБАТ А.О.» 2026-yilning биринчи ярмида 1,78 трлн сўмлик тушум олди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,6 фоизга кам. Бу ҳақдаги маълумот компаниянинг иккинчи чорак якунлари бўйича эълон қилинган ҳисоботида келтирилган.

Тушум ва таннарх қисқарди

Компаниянинг 2026-йил январ–июн ойларидаги тушуми 1,776 трлн сўмни ташкил қилган. 2025-йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 1,862 трлн сўм эди. Яъни тушум 86,1 млрд сўмга ёки 4,6 фоизга камайган.

Бироқ сотилган маҳсулотлар таннархи бундан ҳам тезроқ — 671,6 млрд сўмдан 609,7 млрд сўм (-9,2) гача қисқарган

Натижада ялпи фойда 2025-йилнинг биринчи ярмидаги 1,190 трлн сўмдан 1,166 трлн сўмгача камайган. Пасайиш даражаси 24,2 млрд сўм ёки 2 фоизни ташкил қилади.

Шу билан бирга, компаниянинг ялпи маржаси яхшиланган, яъни тушумга нисбатан ялпи фойда улуши тахминан 64 фоиздан 65,7 фоизга кўтарилган.

Сотиш харажатлари баланд

Компаниянинг сотиш харажатлари сезиларли ошган. Биринчи ярим йилликда бу харажатлар 235,9 млрд сўм бўлган. Бир йил олдин эса 211,5 млрд сўм эди.

Демак, сотиш харажатлари 24,5 млрд сўмга ёки 11,6 фоизга ошган.

Маъмурий харажатлар деярли ўзгармай, 72,4 млрд сўмга етган. Бошқа операцион харажатлар эса 56,9 млрд сўмдан 74,1 млрд сўмгача, яъни қарийб 30 фоизга ошган.

Шу сабабли компаниянинг операцион фойдаси 859,3 млрд сўмдан 788,5 млрд сўмгача камайган. Бу 70,8 млрд сўмлик ёки 8,2 фоизлик пасайиш ҳисобланади.

Соф фойда қисқарган

Ҳисобот даврида УзБАТнинг солиққа қадар фойдаси 806,2 млрд сўмни ташкил қилган. 2025-йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 859,1 млрд сўм эди.

Даромад солиғи харажати ҳам бироз камайиб, 136,4 млрд сўмдан 130,2 млрд сўмгача тушган.

Шунга қарамай, компаниянинг соф фойдаси 722,8 млрд сўмдан 676 млрд сўмгача қисқарган. Бу 46,7 млрд сўм ёки 6,5 фоиз пасайиш дегани.

1

Бир акция учун базавий фойда ҳам 29,32 сўмдан 27,43 сўмгача тушган.

Муҳим жиҳати шундаки, компаниянинг ўртача муомаладаги акциялари сони деярли ўзгармаган — қарийб 24,65 млн дона. Демак, акция бошига фойданинг камайиши янги акциялар чиқарилиши билан эмас, компаниянинг фойдаси қисқаргани билан боғлиқ.

Компаниянинг активлари ошган

30-июн ҳолатига УзБАТнинг жами активлари 2,350 трлн сўмни ташкил қилган. 2025-йил охирида бу кўрсаткич 2,269 трлн сўм эди.

Яъни олти ойда активлар 80,8 млрд сўмга ёки 3,6 фоизга ошган.

Бунда асосий ўзгаришлардан бири компаниянинг пул маблағларида кузатилган. Ҳисобот даври охирида нақд пул ва унинг эквивалентлари 417,7 млрд сўмга етган. Йил бошида эса 238,8 млрд сўм эди.

Бу 178,9 млрд сўмлик ёки 75 фоиздан ортиқ ўсишни англатади.

2

Аксинча, захиралар 748,5 млрд сўмдан 704,4 млрд сўмгача, савдо ва бошқа дебиторлик қарзлари эса 264,9 млрд сўмдан 255,9 млрд сўмгача камайган.

Кредиторлик қарзи 144 млрд сўмга ошган

Компаниянинг молиявий ҳолатидаги яна бир эътиборли ўзгариш — қисқа муддатли мажбуриятларнинг кўпайиши.

Жорий мажбуриятлар 613 млрд сўмдан 713,7 млрд сўмгача ошган. Бу қарийб 100,8 млрд сўмлик ёки 16,4 фоизлик ўсиш ҳисобланади.

Бунинг асосий қисми савдо ва бошқа кредиторлик қарзларига тўғри келади. Ушбу мажбуриятлар 404,6 млрд сўмдан 548,4 млрд сўмгача кўпайган. Яъни олти ой ичида 143,8 млрд сўм ёки 35,5 фоизга ошган.

Шу билан birga, компаниянинг солиқ мажбуриятлари аксинча 206,4 млрд сўмдан 162,2 млрд сўмгача камайган.

Узоқ муддатли мажбуриятлар эса 31,2 млрд сўмдан 36,9 млрд сўмгача ошган. Ҳисоботда узоқ муддатли мажбуриятларнинг асосий қисмини кечиктирилган солиқ мажбуриятлари ташкил этаётгани кўрсатилган.

Капитал қисқарган

Компаниянинг ўз маблағлари 2025-йил охиридаги 1,626 трлн сўмдан 1,599 трлн сўмгача камайган.

Бунда асосий омил тақсимланмаган фойданинг қисқариши бўлиб, қиймат 1,534 трлн сўмдан 1,507 трлн сўмгача, яъни 26,4 млрд сўмга камайган.

Устав капитали эса деярли ўзгармай, 90,7 млрд сўм атрофида қолган.

Теглар

Мавзуга оид